Афсонавий маскан Каппадокия

Каппадокия – сайёрамизнинг сеҳрли маскани, биз учун одатий бўлган Туркияга умуман ўхшамайдиган шу ўлкадаги “эртаклар мамлакати”. Бу ерда одамлар ғорларда яшайдилар, йил бўйи осмонга кўтариладиган ҳаво шарларида парвоз қиладилар, ақл бовар қилмайдиган ландшафтли гўзал водийларда сайр қиладилар ва гўзал манзара — кун ботишини  томоша қилиш учун баланд чўққиларга чиқадилар.

Бу афсонавий масканга қандай етиб олиш мумкин?

Каппадокияга бориш учун Ўзбекистондан тўғридан-тўғри рейслар йўқ, аввал Истамбулгача чипта сотиб оласиз, ундан кейин эса ички рейслар билан Невшехирга учасиз. Чиптанинг нархи (агар олдиндан олинса) — бир томонга 60 АҚШ доллари туради. Икки томонга олинса, арзонроқ: бориш-келиш тахминан 100 долларга айланади. Невшехирдан, Каппадокиянинг қоқ ўртасидаги Гёреме шаҳригача такси ёки автобусда етиб оласиз.

Саёҳатга қандай транспортда борган яхшироқ?

Йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъи назар, шарлар бу ерда йил бўйи учади. Учишга халал бериши мумкин бўлган ягона жиҳат — об-ҳавонинг ёмонлашиши. Бу ерда йил бўйи транспорт қатнови тинмайди, музейлар, ер ости шаҳарлари очиқ бўлади.

Қишда туристлар оқими унчалик катта эмас, шунинг учун меҳмонхона, экскурсия ва ҳаво шаридаги саёҳат деярли 1,5-2 баробар арзон бўлади.

Кўплаб меҳмонхоналар ҳақиқий ғорларда жойлашган. Агар шунақа меҳмонхонада яшамоқчи бўлсангиз, “Cave” сўзли отелни брон қилинг. Мен отелдаги хонам учун суткасига 60 евро тўладим. Нонушта нархи ҳам шунинг ичида эди.

Каппадокиянинг сайёҳлик хизмати Туркиянинг ҳар қандай шаҳридаги хизматлардан қолишмайди. Бу ерда ҳашаматли меҳмонхона-отеллар ҳам, оддий хостеллар ҳам бор.

Туризмнинг бош маркази Гёреме деб аталади. Бу ерда миллий истироҳат боғи, очиқ осмон остидаги музей, Учхисар қасри, шунингдек, меҳмонхона остонасидан кўриниб турадиган ажойиб тоғлар бор. Сизга айнан шу ерда тўхташни маслаҳат берган бўлардим.

Гёремедаги деярли барча отелларда гўзал тоғ манзаралари томонга қараган айвонлар бор, эрталаб бу ерда қаҳва ичиш ва ҳаво шарларини томоша қилиш мумкин.

Каппадокия Туркиядаги энг бюджетли жойлардан эмас ва бу ерда ҳамма хизматларни ўз ичига олган тизим бўйича жуда арзон нархдаги турни сотиб олиб бўлмайди. Аммо саёҳат нуқтаи назаридан олиб қаралса, у боришга арзийдиган жой.

Тўловларни маҳаллий валюта — лирада тўлаган маъқул. Сиздан хизмат учун доллар ва евро олишлари мумкин, аммо бу кўпинча маҳаллий валютадагидан кўра қимматроққа тушади.

Каппадокиядаги энг қиммат, лекин жуда ҳам қизиқарли томоша — ҳаво шарида парвоз қилиш! Бу кўнгилочар машғулот 100 евродан арзонга тушмайди. Ҳатто сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган мавсумда нархлар 130 евродан 200 еврогача бўлади. Буларнинг барчаси парвозни амалга оширувчи компания ва шар саватидаги жойлар сонига боғлиқ.

Ҳаво шарларида 12, 24 ва 40 кишилик саватлар бор. Мен 12 кишилик саватда парвоз қилишни тавсия қилган бўлардим. Тўғри, бу қимматроққа тушади, лекин сават тиқилинч бўлмайди ва барча ракурслардан чиройли фотосуратлар олишга улгуриш мумкин.

Парвоз тахминан 1 соат давом этади, одатда бу вақт 15 дақиқа камроқ ёки ортиқ бўлиши мумкин. Парвоздан олдин шу ернинг ўзида нонушта қилиб олса бўлади, ундан кейин эса сайёҳларга бокал тутиб, шампан виносидан қуйиб беришади ва сертификат тақдим этишади.

Парвозга буюртмани саёҳатнинг биринчи кечасидан кейин эрталаб бериш керак. Шунда об-ҳаво ўзгариб қолган тақдирда, уни бошқа вақтга кўчиришга вақт бемалол етади. Буюртмани меҳмонхонада, Гёремедаги кўп сонли сайёҳлик агентликларининг бирида ёки Каппадокиянинг бошқа шаҳридан интернет орқали расмийлаштириш мумкин.

Шарлар фақат эрта тонгда учади. Шу сабаб, барвақт парвоз қилишга тайёр бўлиб туринг: соат 4.39 да трансфер келади ва сизни учиш жойига олиб боради.

Ва, энг қизиқарлиси, шарлар ерга эмас, юк машинасининг кузовига қўнади. Сизга қўниш вақтида ўзингизни қандай тутишингиз ҳақида тушунтириш беришади.

Мен парвоз вақтида асло қўрқмадим ва бир соат худди бир дақиқадек ўтиб кетди. Бу ғоят ажойиб, ҳеч нима билан тенглаштириб бўлмайдиган ҳиссиётлар эди!

Гёремеда ҳар қандай ҳамёнга мос келадиган қаҳвахона ва ресторанлар кўп. Тушлик учун спиртли ичимликсиз ўртача нархдаги чек бир кишига 10 долларга тўғри келади.

Ҳаво шаридаги парвоздан ташқари, Каппадокияда вақтни жуда ҳам чоғ ўтказиш мумкин — бу ерда Севги водийси, ерости шаҳарлари, қалъалар ва қўриқхона дараларига сайр қилиш имкони бор. Сизга нархи киши бошига 30-35 евро бўлган бир кунлик, икки хилдаги турни таклиф қилишади.

Шунинг учун Каппадокияда бир неча кун дам олишни режалаштиришингиз мумкин. Томоша қилиш мумкин бўлган жойлар жуда кўп. Ўзингиз билан олиб келадиган бир олам таассуротлар ва фотосуратларни айтмайсизми! Ҳақиқатдан ҳам, бу саёҳатни бутун умр эслаб юрасиз!

Муаллиф: Ева Романова