АЁЛ КИШИ УЧУН ИШГА ЖОЙЛАШИШ ОСОНМИ?

Турмушга чиқмаган. — Демак, яқинда турмушга чиқади.

Турмушга чиққан. — Демак, яқинда бола парвариши бўйича таътилга кетади.

Болалари кичик ёшда. — Демак, жуда кўп тиббий таътил олади.

Болалари катта ёшда. — Демак, ёши мос келмайди…

Кўпчилик иш берувчилар аёлларни ишга олиш борасида мана шундай “ташxис”га асосланадилар. Натижада ҳатто яхши касбий билим ва етарли даражада иш тажрибасига эга бўлишларига қарамай, нозик жинс вакилаларининг кўпи ишга жойлаша олмайдилар. Албатта, кўрсатиб ўтилган жиҳатлар авваламбор маълумот ва махсус билимларни талаб қилувчи касбларга тегишли; бу ерда аёллар жинсининг ўзига хос хусусиятларига кўра, ўз ўринларини эркакларга бўшатадилар.

Бу сўзлар билан сизни модернизм руҳидаги умидсизликка бошламоқчи эмасман. Кўпгина ҳолатларда бунга ўзимиз айбдор бўламиз: орамизда кўпчилик ўз ҳуқуқларини билмайди. Ҳаттоки била туриб ҳам, уларни амалга оширишга ҳаракат қилмайди. Бунинг сабаби, аёлларимиз кўпинча ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишса, шарқона менталитетимизга хос бўлган “оилада яхши тарбия кўрмаган” деган айблов қўйилишидан қўрқишади.

Аслида эса ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин, чунки Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар” дейилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 78-моддасига мувофиқ, “иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномаси тузиши шарт бўлган шахсларни (белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни; ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни — тегишинча уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлигини важ қилиб) ишга қабул қилмаслиги” ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этиш деб ҳисобланади

Ишга қабул қилиш рад этилганда, ходимнинг талаби бўйича иш берувчи уч кунлик муддатда рад этиш сабабларининг қабул қилиш ҳуқуқига эга мансабдор шахс томонидан имзоланган ёзма асосномасини тақдим этиши шарт. Важлари келтирилган асосномани бериш тўғрисидаги талабни қондириш рад этилганида, номзод шикоят аризаси билан мурожаат этишга ҳақли.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ўйлаган нарсаларингиз ва ўз мақсадларингизга эришиш мумкин. Шарқшунослик институтининг магистратурасини муваффақиятли тамомлаганимдан кейин, “Шарқ мамлакатлари адабиёти” кафедрасининг мудири менга институтда кабинет мудири лавозимида ишлаб қолишни таклиф қилди. Лекин, шунга қарамасдан, жиддий маъмурий тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келди. Ва фақатгина қатъият, ўзимни педагогикага бағишлаш истаги, ўз ҳуқуқларимни билганлигим менга нафақат мазкур лавозимга ишга жойлашишга, ҳаттоки ўқитувчилик фаолияти учун соатлар олишимга ҳам ёрдам берди. Албатта, бу меҳнат жараёнининг эндигина бошланиши, аммо қатъий ишонч билан айтишим мумкин, ҳамма нарсага эришиш мумкин, асосийси — руҳиятни туширмаслик ва ҳар бир муваффақиятсизликни, ундан ўзингиз учун фойдали дарс олган тарзда, навбатдаги ҳаётий тажриба сифатида қабул қилиш лозим.

Иш берувчилар кўпинча аёл ходималарга рад жавобини беришларига қарамасдан, жамиятимизда бир қатор ижобий намуналар бор. Нармурадова Фируза Равшановнанинг (Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайти таҳририятининг бош муҳаррири ўринбосари) ёрқин тақдири болали аёл ҳам касбининг ортидан яхши ном қозониши, ўз соҳасида талаб этилган мутахассис бўла олиши мумкинлигини яна бир бор исботлайди.

— Ўзингиз ва оилангиз ҳақида озгина гапириб ўтсангиз. Нима учун бу касбни танлагансиз?

— Мен авваламбор аёл, рафиқа, она, фарзандман. Менинг дунёда ҳаммадан ҳам яхши кўрадиган севикли турмуш ўртоғим, икки азиз фарзандим, ажойиб ота-онам бор.

Ҳар бир одамда ўзи интилган, ёқтирган иши билан шуғулланишга имкон бўлиши керак. Замонавий дунёда касбни танлаш ва танланган касбда ихтисослашиш имкони борлиги сабаб, бунга ҳеч қачон юзаки муносабатда бўлмаслик керак.

Ҳозирги вақтда журналистлик касби жуда ҳам машҳур, лекин ҳамма ҳам бу соҳада ўз фаолиятини амалга ошира олмайди, чунки у маълумотни топа олиш ва таҳлил қилиш, уни нафақат оғзаки, балки ёзма тарзда ҳам саводли ҳамда қизиқарли тақдим эта олиш, чиройли ва тўғри сўзлай олиш сингари кўникмаларга эга бўлишни, кўп ишлашни талаб этади.

Менга журналистикада бу касбнинг доимий ҳаракат, мулоқот, ўз-ўзини ривожлантириш эканлиги ёқади. У ҳаётингизни сермазмун ва ёрқин қиладиган касб. Ҳар бир журналист материалга ўз ички дунёси ва қалбининг бир бўлагини қўшади. Балки шунинг учун ҳам мен бу касбни танлагандирман.

­Бунчалик сермазмун профессионал ҳаётда оилага вақт топиладими? Ишингиз ва шахсий ҳаётингизни қандай мужассамлаштирасиз?

— Ростини айтаман, бу ерда энг муҳими — қариндош ва яқинларнинг тушуна олиши,  у эса ҳар доим бор.

Зиқлик ҳолатларидан қандай чиқиб кетасиз? Ва улардан кейин қанчалик тез ўзингизга келасиз?

— Зиқлик, бу — бор-йўғи инсон хатлаб ўтиши мумкин бўлган бўсаға. Чиқиб бўлмайдиган ҳолат, вазиятнинг эса ўзи йўқ. Зиқлик ҳолатидан чиқиб кетиш учун яхши кўрган ишларим билан шуғулланаман, масалан, кинога бораман, мусиқа тинглайман, болаларим билан сайр қиламан.

— Сиз қандай дам оласиз? Янги чўққиларни забт этиш учун қандай қилиб куч тўплайсиз?

­— Фарзандларим — менинг бутун борлиғим! Мен фақат улар билан дам оламан. Улар менга ҳаётни янгича қуришни ўргатадилар. Улардан қувват оламан.

— Инсон ҳаётининг мазмуни нимада?

— Шаксиз, ҳаёт бизга шунчаки берилмаган. Биз ўқиймиз, ишлаймиз, севамиз, оила қурамиз. Орамиздан кўпчилик илм ва санъатнинг турли жабҳалари, саноатнинг турли соҳаларига катта ҳисса қўшадилар. Аммо биз айнан нима учун яшаймиз? Тинчлик учун! Ҳаёт бизга бир мартагина берилади ва ҳар ким уни ўзи хоҳлаганича яшаб ўтади. Биз яшаймиз, холос ва биз қанчалик уринмайлик, бундан маънони топиб бўлмайди. Ҳаёт, бу — асосий мўъжиза ва у бизга бор-йўғи уни ўзимизда ҳис этиб кўриш учун берилгани эҳтимолдан холи эмас.

Ўқувчиларимизга нимани тилаган бўлардингиз?

— Чин қалбимдан соғлиқ, фаровонлик ва ёқимли иш кунларини тиламоқчиман. Жамоангизга эса интервьюга таклиф этганингиз учун миннатдорчилик билдираман!

Айтадиларки, вақтидан олдин туғилган ўғил болаларнинг яшаб кетиши қиз болаларга қараганда анча мушкул экан. Куч-қувват, ирода ва масъулият — аёлларда генетик жиҳатдан мавжуд, шунинг учун инсониятнинг ҳар бир нозик ҳилқати, агар хоҳласа, бир вақтнинг ўзида ҳам ажойиб она, ҳам севикли ёр ва аъло даражадаги мутахассис бўла олиши мумкин.

Гўзал ЖАЛИЛОВА.