fbpx
shop-cart

Азиза Умарова: Ҳамиша ўзимни жамоат арбоби сифатида кўришни истаганман

Пойтахтимизнинг шинам “Clouds” ресторанида биз – LQ муҳаррирлари ажойиб меҳмонларимиз билан аёлларга тегишли мавзуларда суҳбат қуришни режалаштирган эдик. Натижада эса мунозарамиз ҳаёт, таълим, ислоҳотлар, бугунги кунда нафақат Ўзбекистон аёлларини, балки мамлакатнинг барча фуқароларини ташвишга солаётган нарсалар, нима муҳим ва унчалик муҳим эмаслиги, биз – XXI аср аёллари қандай эканлигимиз ва қайси йўналишда ҳаракат қилишимиз кераклиги каби барча мавзуларни ўз ичига қамраб олди.

Меҳмонимиз – “Муқовадаги қиз” рукнининг қаҳрамони, “Smartgov Consulting” ижрочи директори, БМТнинг давлат бошқарувидаги ислоҳотлар соҳаси тизимидаги ишлар бўйича катта тажрибага эга Азиза Умарова бўлди.

Азиза ўз иш фаолиятини Ўзбекистонда БМТнинг Ривожланиш дастурини самарали бошқариш соҳаси раҳбари лавозимида бошлаб, кейинчалик Сингапурдаги давлат бошқаруви бўйича  БМТнинг Ривожланиш дастури Глобал марказида давом эттирган. Бугунги кунда у Давлат бошқаруви бўйича БМТРД (Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ривожланиш дастури) фахрий тадқиқотчиси ҳисобланади. Бундан ташқари, у Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Истанбул ҳаракатлар режаси антикоррупцион тармоғи ишлари доирасида мониторинг экперти сифатида фаол иштирок этади.

–  Қандай услубда кийинишни афзал кўрасиз?

– Ҳаётим кўпроқ иш – иш учрашувлари, офис билан боғлиқ бўлгани сабабли кийиниш услубим ҳам албатта ишга мос. Жинсиларга муносабатим яхши, ўзимга ярашганларини роҳатланиб кийиб юраман. Шопингни хуш кўрмайман, унга кўп вақт сарфлашни ёмон кўраман, дўконларда ҳар доим бир ўзим ва олдиндан тайёрлаб қўйилган рўйхат билан юраман. Дўконга кираман, кийим ёқиб қолса, уни сотиб оламан.

Турмуш ўртоғингиз ишбилармонлар орасида етарли даражада таниқли инсон (қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Ҳикмат Абдураҳмонов таҳририят изоҳи). Сизга унинг ёнида бўлиш енгилми ёки оғирми? Ҳар иккингиз ҳам ёрқин шахсларсиз, қай тарзда муроса қилиб яшайсизлар?

– Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ… Биз ўспиринлигимиздан, университетда ўқиган давримиздан биргамиз (Дипломатия университетида ўқиганмиз, битта факультет – халқаро иқтисодий алоқаларни тамомлаганмиз, фақат Ҳикмат мендан икки босқич юқорида ўқиган). Айнан шу нарса бизга соғлом, тўлақонли муносабатларни қуришга ёрдам берди, деб ўйлайман. Биз бир-биримизни нафақат оилавий жуфтлик сифатида, балки у ёки бу муаммоларга бир хил  қарайдиган инсонлар сифатида ҳам қўллаймиз, агарда янги лойиҳалар  пайдо бўлса, албатта, маслаҳатлашамиз.

Жуда ҳам гўзал аёлсиз, шубҳасиз, университетда кўпчиликнинг эътиборини тортган бўлсангиз керак. Кўнглингизга йўл топиш учун турмуш ўртоғингиз қанча вақт сарфлаган?

– Мен фақат ўқишга берилган чинакам “ботаник” бўлганман. Албатта, ҳар бир қиз каби эътибордан четда бўлмаганман. Ҳикмат роппа-роса уч йил ортимдан юрган. Ва жуда ҳам тиришқоқ бўлган. Ҳозир иккита қизимиз бор, катта фарзандимиз 14 ёшда.

Ўзбекистондаги таълим тизимига муносабатингиз қандай? Буни сўрашимнинг боиси, сизда таққослаш учун асос бор, ўзингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам чет элда таҳсил олгансизлар…

– Албатта, маълум бир минуслар бор, аммо биз бугун Ўзбекистоннинг ўрта таълимида жарангдор ўзгаришларни ҳам кузатяпмиз – хусусий мактаблар сони ва ушбу мактаблардаги таълим сифати ошиб бормоқда. Ўзим Тошкентдаги бир нечта хусусий мактабларнинг раҳбарларини шахсан танийман, улар таълим соҳасига янги тажрибаларни киритаётган жуда ҳам ўқимишли, серғайрат ва ақлли аёллар. Умуман олганда, айтишим мумкинки, фарзандларимнинг бу ерда таълим олишларидан жуда ҳам мамнунман.

Сиз қаттиққўл онамисиз?

– Йўқ, умуман қаттиққўл эмасман. Овозимни баландлатмасликка ҳаракат қиламан ва бундан ташқари, ҳеч қачон болаларимга қўл кўтармаганман.

Катта қизингиз ҳозир балоғат даврига ўтиш ёшида. Агарда у, масалан, пирсинг, тату ёки сочларини бўяшни хоҳлаб қолса, бунга қандай муносабат билдирасиз?

– Яқиндагина у сочларини бошқа рангга бўяшга рухсат сўради, чунки синфидаги бир нечта қиз шундай қилишган экан…. Мен ҳам яшил рангни таклиф қилдим (кулади). Хоҳиши дарров йўқолди. Умуман айтадиган бўлсак, қизим жуда ҳам камсуқум. Унинг ташқи қиёфасини ўзгартириш бўйича хоҳишлари билан курашмаган бўлардим, деб ўйлайман. Биз оилада болаларимиз билан катта ёшли инсонларга қандай муносабатда бўлсак, шундай мулоқот қиламиз. Агар болага кичик ёшидан бошлаб тенгқур сифатида мурожаат қилинса, бирон ишни рад этиш сабаблари тушунтирилса, бирор нарсани “хоҳламайман” деса ҳам, бажаришга мажбур қилинмаса, у ҳолда бола уни ҳурмат қилишларини тушунади.

Сиз рашкчимисиз? Турмуш ўртоғингиз-чи? Бир қанча вақт Сингапурда яшагансиз, турмуш ўртоғингиз бу қарорга қандай қараган?

– Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам умуман рашкчи эмасмиз. Сингапурда яшаш тўғрисидаги қарорни эса биргаликда қабул қилганмиз. У ёнимга тез-тез бориб турар, бизнесни олиб боришда янги нималарнидир ўрганарди ва кейинчалик уларни Ўзбекистонда амалга татбиқ этишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, болаларимиз яхши таълим олишди, улар инглиз тили бўйича билимларини жуда ҳам яхши даражагача кўтариш имконига эга бўлишди…

Болалигингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?

– Янгиликларни томоша қилишни жуда ҳам яхши кўрганман. Ҳар доим ўзимни жамоат арбоби сифатида тасаввур қилардим. Болалигимдан бошлаб, баъзи сиёсий мавзулар, одамларнинг мустақил бўлиш ҳақидаги хоҳиш-истакларини (совет иттифоқининг тарқалиш даврида биз ота-онам билан Украина ҳудудида яшардик, у ерда турли исёнлар бўлиб турар, тез-тез мустақиллик мавзуси кўтарилар эди) умуман болаларга хос бўлмаган тарзда ҳис қилганман. Бу менга ҳақиқатан ҳам қизиқарли эди.

Халқаро иқтисодиётдан давлат бошқарувига қандай келгансиз?

– Бирданига эмас. Халқаро иқтисодий алоқалар бўйича бакалаврни тамомлаганимдан кейин  ўша пайтдаги ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ – таҳририят изоҳи)га, сиёсатшунослик мутахассислиги бўйича магистратурага ўқишга киргим келган. Лекин ҳужжатларимни қабул қилишмаган, чунки шифр мос келмас эди. Мен ўз университетимга қайтиб келганман ва геосиёсат ва жаҳон иқтисодиёти мутахассислиги бўйича ўқишга қирганман. Кейинчалик Буюк Британияда магистратурани тамомладим, Хитой ва Австрия каби бир қатор давлатларда ишладим. БМТ дастурига келгач, у ерда давлат бошқаруви бўйича иш бошладим.

Афсуски, давлат бошқаруви шундай йўналишки, бизда у бўйича кадрлар тайёрланмайди ва бу катта бўшлиқ. Президентимиз бизда кадрлар етишмаётгани ҳақида гапираётганида, хусусан, давлат бошқарувидаги кадрларни назарда тутади, деб ўйлайман. Бу бутун бир мутахассислик бўлиб, унга бир қатор хорижий давлатларда ўқитишади. Булар – амалга ошириб бўлмайдиган ислоҳотлардан келиб чиқадиган зарарларни ҳисоблаб чиқа оладиган, бирон лойиҳани амалга татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режасини тайёрлашни биладиган кадрлар. Бу бизда ҳали жорий этилмаган бутун бошли бир фан ҳисобланади.

Агар бизда шунга ўхшаш факультет очилганида, сиз у ерга дарс беришга борган бўлармидингиз?

– Сўзсиз, албатта борган бўлардим. Инсон ўз билимларини бошқаларга ҳам улашиши керак, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, бу йил Давлат бошқаруви академиясида дарс беришга розилик бердим. Эҳтимол, ҳаммаси ҳам ўзим тасаввур қилганимдек мукаммал бўлмас, аммо  ўртоқлашишим мумкин бўлган нарсалар – билимларим, бошқа давлатларда ишлаш тажрибаси менда бор, деб ўйлайман. Бу, албатта, мамлакатимизни ислоҳ қилишлари кутилаётган кадрларга керак бўлади.

Номзодингизни депутатликка қўймоқчи эмасмисиз?

– Тўғрисини айтганда, ҳозирча бундай фикрларим йўқ. Лекин бу негадир сўнгги пайтларда менга жуда кўп бериладиган саволлардан бири. Ким билсин, кейинчалик қандай бўлади…

– “Womens Gap лойиҳангиз тўғрисида батафсилроқ гапириб берсангиз. У қандай йўналишда?

– Бу лойиҳа – аёлларимиз, бир-биримизни қандай қўллай олишимиз тўғрисида айтиб бериш имконияти. Мен аёлларнинг ривожланиш, мулоқот қилиш ва бир-бирларига ёрдам бериш имконига эга бўлишлари тарафдориман. Мен “sisterhood” ёки опа-сингилчиликни ёқлайман.

Аёлларимиз билан “Women’s Gap”  нетворкинги орқали мулоқот олиб борамиз. Биз жуда ҳам мард, аммо ўзлари буни англамайдиган аёллар тўғрисида завқ билан ҳикоя қиламиз. Балки шунинг учун ҳам уларга ҳеч ким: “Менга қара, сен жуда ҳам мардсан! Сен жуда ҳам яхши иш қиляпсан!” деб айтмагандир.

Умуман олганда, кўп саёҳат қиласиз, бизнинг аёлларимиз ҳақида нима дея оласиз? Улар ўзгаришганми?

– Ҳа. Бугунги кунда бизнесда аёлларнинг бошқача иштиёқини кузатишимиз мумкин. Албатта, бу ҳозирча кичик бизнес. Лекин мен жуда ҳам кўп аёлларимиз фаоллашганларини кўришдан хурсандман. Умуман олганда, бизда аёллар сиёсатда, ижтимоий ҳаётда етарли даражада ўзларини кўрсата олмаганлар, деб ҳисоблайман. Биз аёлнинг жамиятдаги ролини қўллаб-қувватлашимиз, унинг касбий вазифаларини сўндирмасдан, балки ғурурланишимиз керак.

Бугунги кунда хусусий бизнесингизни ҳам юритяпсизми?

– Йўқ, соҳам ўша-ўша – давлат бошқаруви. Биз давлат бошқаруви соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатамиз. Ҳа, вазият ўзгарди, аммо бу касбий фаолиятда юз бериши керак бўлган қандайдир бир ўсиш, деб тушуниш мумкин.

Дам олиш сиз учун нима?

– Турмуш ўртоғим билан кўп вақтимизда ишда ўтказамиз, шу боис, биз учун дам олиш – вақтни фарзандларимиз, оиламиз билан бирга ўтказиш. Бизда бир анъана бор – ҳар якшанба оиламиз билан теннис ўйнаймиз. Қолган пайтда эса Тошкентдаги кўпгина оилалар каби сайр қилишга, кинога, турли ярмаркаларга борамиз.

Қайнонангиз билан муносабатларингиз қандай?

– Муносабатларимиз соғлом ва яхши. Қайнонам ҳар доим менга ёрдам берганлар, ҳеч қачон ўқишим ва иш фаолиятимга тўсқинлик қилмаганлар. Бундай қайноналарни барчага намуна қилиб кўрсатиш керак, деб ҳисоблайман.

Келажакда қизларингиз ким бўлиб етишади деб ўйлайсиз?

– Менинг вазифам – уларга ўзларининг кучли томонларини аниқлаб олиш, уни ривожлантиришларига ёрдам бериш. Лекин ҳал қилувчи қарорни ҳар доим одамнинг ўзи қабул қилиши керак. У ёки бу соҳада таълим олиб, кейинчалик эса ҳаётларини ушбу касб билан боғлашни хоҳламайдиган одамларга ачинаман. Чунки умрини сарфлаб, қайтадан ўқишларига тўғри келади. Агарда улар бошидан ўзларига қулоқ солганларида, бундай ҳолат юз бермаган бўлиши мумкин эди. Аслида, машҳурлари 5-6тагина бўлишига қарамасдан,  касблар жуда ҳам кўп. Уларнинг ҳар қайсисида яхши мутахассис бўлиш мумкин.

Уйда ўзингиз овқат пиширасизми?

– Ҳа, албатта, лекин фанатизм даражасида эмас. Нонуштани албатта ўзим тайёрлайман. Менда уйимдагиларнинг ҳаммалари яхши кўрадиган қуймоқлар рецепти бор. Албатта, кечки овқат бутун оила учун анъанавий уйда тайёрланган таом бўлади.

Камила Алиева ва Камила Ҳасанова суҳбатлашишди.

Фото: Анжела Талибжанова