Байкал

Байкал йилнинг ҳар бир фаслида гўзал, аммо куз ва баҳорда бу ерда туристлар унчалик кўп бўлмайди. Бу эса сеҳрли кўлнинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш учун сафарга чиқишга жуда яхши имконият. Байкалда дам олиш учун энг қулай вақт – май ойидан октябргача бўлган даврдир. Ёзда экскурсия, походлар ва балиқ овидан ташқари, туристлар учун соҳил бўйида дам олиш, қишда эса тоғ чанғиси спорти билан шуғулланиш каби машғулотлар мавжуд.

Байкалга бориш учун Иркутск шаҳрига учиб бориш керак. Тошкентдан ҳафтасига бир марта бу шаҳарга тўғридан-тўғри рейс бор ёки бир самолётдан иккинчисига алмашиш йўли билан, яъни “Тошкент – Новосибирск – Иркутск” рейси орқали борса ҳам бўлади. Иркутскда авто ёки темир йўл вокзалидан маршрут таксилари ва муниципал автобуслар қатнайди. Йўлдаги вақт паромда сузиб ўтиш вақтини қўшганда 6-7 соатни ташкил қилади.

Байкал – дунёдаги энг чуқур кўл эканлиги барчамизга маълум. Унинг максимал чуқурлиги 1642 метрни ташкил қилади. Энг чуқур бу кўл дунёнинг энг йирик чучук сув захирасини ўзида сақлайди. Байкалдаги сув тоза ва шаффоф, таркиби бўйича эса жуда ноёб ҳисобланади.

Мен бу ўлкаларда бўлишни ва бутун гўзалликни ўз кўзларим билан кўришни анчадан буён орзу қилар эдим.

Кўлда 27 та оролча мавжуд бўлиб, улардан бештасини сув босган. Энг йирик оролнинг номи Ольхон, менинг сафарим айнан шу манзилга бўлди. Ольхон оролини “Байкалнинг юраги” деб аташади. Марказий Осиёда бу жойни муқаддас ҳудуд деб билишади ва у шомонлик ўчоғи ҳисобланади. Оролга зиёратчилар бутун дунёдан келишади. Афсоналарга кўра, Чингизхон айнан шу ерда дафн этилган. Оролда руҳларга сиғинадиган жойлар кўп, барча дам олувчилар эса ҳақиқий Байкал шомони билан мулоқот қилиш ва ҳатто унга ёвуз руҳларни ҳайдаш маросимига буюртма бериш имконига эга бўладилар.

Ольхон – қўриқхона ҳудуди ҳисобланади. Барча қоидаларга риоя қилиш учун қўриқхона сўқмоқларини кўриб чиқиш тўловини тўлаш керак бўлади. Буни Ольхоннинг ўзида ҳам қилса бўлади. Хужир марказида «Байкалолди қўриқхонаси» офиси бор. Сизга ҳудудда патрул хизматини ўтовчи давлат инспекторларига кўрсатиш керак бўлган тўлов қоғозини беришади.

Оролда кўриш шарт бўлган чиройли жойлар жуда кўп. Уларнинг энг машҳуридан бошлаймиз – Бурхан бурни (ёки Шомон қиз қояси). Бу ер бурятлар учун ҳам, мўғуллар учун ҳам муқаддас жой. Шомон қиз қояси Хужир қишлоғининг яқинида жойлашган. Бурундаги икки боши очиқ ғорда шомонларнинг маросимлари ўтказилган. Айнан шу ерда, Хон Хутэ-баабай ва унинг ўғли бургутнинг руҳлари яшайди, деб ҳисоблашади. Бурун – Марказий Осиё шомончиларининг асосий зиёрат жойи.

Хобой бурни – жуда ҳам манзарали. Бурят тилидан таржима қилинганда у “сўйлоқ тиш” деган маънони англатади. Қоя ҳақида жуда кўп гўзал афсоналар бор бўлиб, маҳаллий аҳоли сизга уларни мамнуният билан сўзлаб беради.

Эски балиқ заводи – бу ерга туристлар жуда кўп келишади. Аммо бу йил ёзда у ерга ташриф буюриш учун яна бир сабаб пайдо бўлди. Иркутсклик рассом Степан Шоболов эски кемалардан бирининг устига расмлар чизиб чиқди. Энди кема галактикалараро кемага ўхшайди. Унинг ёнида тушган фотосуратингиз “Instagram” саҳифангизни безайди.

Хобой бурнидан 4 км нарида, шарқий қирғоқда, яна бир диққатга сазовор жой бор, бу – ЧапШунтэ бурни (севги қояси). Қоя фариштанинг қанотларини эслатади. Одатда, ушбу бурунга борилганда, шундай бир афсонани айтиб берадилар: бурятлар фарзанд кўра олмаганларида шу қояга келишган ва уларнинг орзулари амалга ошган. Бунда ҳаттоки боланинг жинсини ҳам ният қилиш мумкин экан. Ва яна бу жойда танга қолдиришни унутманг, айтишларича, руҳлар буни яхши кўрадилар.

Ольхоннинг барча диққатга сазовор жойларини кўриб чиқишнинг энг қулай усули, бу – бир неча кунга кўлнинг энг йирик аҳоли пункти – Хужир қишлоғида яшаб кўриш. Ёввойи табиатни яхши кўрадиганлар ва сураткашлар учун Ольхон ороли ажабланарли ландшафтлар ҳамда ўта гўзал пейзажларнинг макони ҳисобланади.

Афсуски, мен ушбу оролнинг барча гўзалликларини кўришга улгурмадим. Икки кун – бу ўлкаларга саёҳат қилиш учун жуда кам. Сафарни албатта узоқроқ муддатга режалаштиринг, ахир Байкал ва Ольхон ороли жуда ҳам ажойиб жой!

Ольхонда бажариш керак бўлган 5 нарса:

  1. Маҳаллий расм-русумларни амалга ошириш – маъбудларни садақа билан сийлаш;
  2. Ҳақиқий шомон билан учрашиш;
  3. Илоҳий жойларда ният қилиш;
  4. Байкал нерпасини кўриш;
  5. Ҳақиқий Байкал ошхонаси таомларини таътиб кўриш.