Бизнесга туртки бўлган бахтли оналик

Аёлнинг фаолияти жуда серқирра – у жуда кўп ижтимоий ролларни ўйнайди: оилада рафиқа, ишда профессионал ролини, дугона, пазанда ва, албатта, оналик –  унинг бош роли. Эҳтимол, бу аёл ҳеч қандай эътирозларсиз қабул қиладиган ягона вазифадир. Оналик – тасвирлаб бериб бўлмайдиган туйғу. Уни бошқа бирон иш билан алмаштириб бўлмайди, у – чуқур ҳиссиётли ва бутун вужудни қамраб оладиган фаолият.

Бахтли оналик кўпгина омилларга – физиологик, психологик ва, албатта, қулайликка боғлиқ бўлади. Яъни кийинишда, ҳомиладорлик вақтида ёки туғруқдан кейинги даврда ўзини қулай ҳис этиш оналикнинг муҳим омили. Айниқса, гўдагини кўкрак сути билан боқиш давридаги қулайлик она учун жуда аҳамиятли.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун бутун дунёда кўплаб кийимлар тўпламлари яратилган. Ва, албатта, Ўзбекистон бозорларида ҳам, асосий мақсади оналарга қулай кийим яратиш бўлган тор йўналишдаги брендларнинг пайдо бўлгани кишини қувонтиради.

Диққат марказида дизайнеррукнимизнинг навбатдаги меҳмони “Мama Moments” брендининг асосчиси Феруза Обидова. Ферузадан ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб беришини илтимос қилдик.

– Аввало, ўзингиз ҳақингизда қисқача сўзлаб берсангиз…

– Исмим – Феруза. 33 ёшдаман. Ўн икки йил аввал Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетини тамомлаганман. Ҳозирги вақтда шу таълим даргоҳида бизнес ва маркетинг фани бўйича ўқитувчи бўлиб ишлайман. Уч нафар фарзандим бор: ўғлим иккинчи синфга борди, эгизакларим 3,5 ёшда.

– Сизда айнан оналикка йўналтирилган бизнес билан шуғулланиш ғояси қандай пайдо бўлди?

– Эгизакларим туғилишганидан кейин кичкинтойларни овқатлантиришга онгли равишда ёндашдим. Бир вақтнинг ўзида иккита болани кўкрак сути билан боқиш осон бўлмади, аммо кейинчалик буни йўлга қўйиб олганимда, муваффақиятимдан роҳатланардим. Шу билан бирга, доим айнан болаларни озиқлантиришда қулай ва сифатли кийим ҳақида ўйлар эдим. Оналик учун “Mama Moments” кийим ва аксессуарлар бренди ғояси шахсий талабларимдан келиб чиққан. Биз айнан эмизикли оналар учун мўлжалланган топни сотганимизда, кичкинтойларим 1,5 ёшда эди. Мен уларни яна бир йил табиий усулда боққанман ва моделларни ўзимда синаб кўрардим.

– Брендингиз ҳақида гапириб беринг, унинг ўзига хослиги нимада?

– “Mama Moments” оналик учун мўлжалланган кийим ва аксессуарларнинг ўзбек бренди. Ҳомиладор, туққан, гўдагини кўкрак сути билан боқувчи оналар биздан ўзлари учун қулай маҳсулотларни танлаб олишлари мумкин. Либосларимиз пахтадан, пишиқ-пухта тикилган, муҳими, уларда болани эмизиш учун сирли қулайликлар бор. Биз – топ, кўйлак, туника, леггинси, спорт кийимлари ва бошқа кийим турларини, шунингдек, энг кичик ёшдаги болалар учун пилла шаклидаги йўргаклар ва ухлашга мўлжалланган қопчаларни ишлаб чиқарамиз.

Биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотларнинг алоҳида тоифасига болаларни кўтариб юришга мўлжалланган махсус товарлар – слинг ва эргорюкзаклар киради. Улар слинглар бўйича маслаҳатчи томонидан ишлаб чиқилган ва болани эргономик олиб юришнинг барча нозик томонларини кўзда тутади. Бундан ташқари, улар онанинг қўллари бўш бўлишига имкон беради ва кичкинтойнинг вазнини тенг равишда тақсимлайди. Энг муҳими эса бола тинч ва қулай жойлашади, чунки онаси ёнида, унинг юрак уриши эшитилиб, ҳиди ва тафти сезилиб туради.

Биз маҳаллий текстилдан тикилган кийимларнинг сифати паст деган қарашлар нотўғрилигини кўрсатиш учун асосий урғуни «Made in Uzbekistan» лейблига берамиз. Шунинг учун сифатга алоҳида эътибор қаратамиз: маҳсулотларимизда қийшиқ тикилган ёки сўкилган чок, сифатсиз фурнитура ёки ювилганидан кейин матода думалоқланиб қолган жойларни топишингиз даргумон. Албатта, тўла кафолат бериш қийин, аммо биз шу камчиликлар бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратамиз.

Лойиҳангизни ишга туширишда энг қийини нима бўлган?

– Қандай ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз: ўзимизми ёки ишлаб чиқаришни аутсорсингга бериш керакми, дўкон очиш керакми ёки виртуал тарзда сотиш керакмикин, деган асосий қарорларни қабул қилиш қийин бўлган. Ва, албатта, қандай қилиб бренд маҳсулотлари оналикни қулай қилиши билан ўрин эгаллаши мумкин, ушбу имижни маълум бир мақсадли аудитория орасида мустаҳкамлаш учун нима қилиш зарур, деган масалалар ечимини топиш ҳам шулар жумласидан эди.

– Яқинларингиз бу ғояга қандай муносабат билдиришди?

– Оиламизда шахсий бизнесимни очиш ғояси ҳақида фақат турмуш ўртоғим билар эди. У мени бошидан қўллаб-қувватлади. Ва бугунги кунгача у менга қайси йўналишда ривожланиш кераклиги ҳақида йўл-йўриқ кўрсатади, бизнесни кўра олишни шакллантириш ва стратегияни ишлаб чиқишга ёрдам беради. Бу мазкур лойиҳага эркак киши томонидан қўшиладиган ягона ҳисса, барча қолган жараёнларга фақатгина аёллар жалб қилинган.

Икки йил ичида брендингиз қанчалик ўзгарди?

Сўзсиз, ўсиш бўлди. Нафақат ишлаб чиқариш ва ассортимент ҳажмида, балки хизмат кўрсатиш сифати ҳамда аудиториямиз билан мулоқот қилиш борасида ҳам ўсиш бор. Агар авваллари маҳсулотларни имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқарган бўлсак, бугунги кунда уларни истеъмолчимизга ёқишига қараб тақдим этяпмиз.  Масалан, фаолиятимиз бошида асосий эътибор пахта ип-газламали трикотаждан тикилган базавий кийимга йўналтирилган бўлса, ҳозир оналар учун турли тантанали тадбирларга ва офисга мўлжалланган кийимларни ҳам ишлаб чиқаряпмиз. Уларда қулайлик ва экологик жиҳатдан талабларга жавоб бериш анъаналари сақланиб қолади, лекин фаст-фэшн элементлари ҳам бўлади.

Бошланишида интернет орқали сотиш стратегияси танланган эди. Ва бу асосан ижтимоий тармоқлар орқали бўладиган савдодан иборат бўлган бўлса, бугунги кунда компьютер қаршисида ўтириб маҳсулотни танлаш, етказиб беришни расмийлаштириш ва харид учун тўловни амалга ошириш имконини берувчи интернет-дўконни ишга тушириш устида фаол иш олиб бормоқдамиз.

– Бугун ўз ўрнингизни топгансиз. Нима деб ўйлайсиз, ортингиздан келаётган янги стартапларга истеъмолчини топиш осонми? Ахир одамларимиз айнан чақалоғи бор оналар учун либослар тўғрисида тушунчага эгалар-ку...

– Биласизми, ўйлайманки, истеъмолчини топиш ҳатто биз – янгиликни кашф этганлар учун ҳам қийин бўлмаган. Бизнинг вазиятимизда унинг портрети аниқ. Эҳтимол, аниқ белгиланган жойни эгаллаш ва унга зарур нархни таклиф қилиш ҳақиқатан ҳам муваффақият калитидир…

Сотувда албатта етакчи бўлган маҳсулотлар бўлса керак, илтимос, улар ҳақида гапириб беринг...

– Сотувларнинг етакчиси – трикотаждан тикилган, ўзига хос сирли қулайлиги бўлган топ. Қандайдир аниқ бир турни айта олмайман, чунки ўйлашимча, гап дизайнда эмас, балки унинг чидамлилиги ва учта стандартга риоя қилинишида. Бундай топ албатта пахтали трикотаждан ишлаб чиқарилган, сифатли ва ихчам тикилган бўлади. Шунингдек, у айнан эмизикли оналар учун сирли қулайикка эга.

– Маҳсулотни экспорт қилиш тўғрисида ўйлаяпсизми?

– Бу босқичда экспорт ҳақида ўйлаш ҳали эрта бўлса керак, деб ўйлайман. Мен халқаро бозорга чиқиш учун олдин маҳаллий бозорда маълум муваффақиятларга эришиш кераклигини тушунаман. Бу – бизнеснинг ўсиши масаласи. Маҳсулотнинг сифати борасида эса, ўйлайманки, биз бунга тайёрмиз.

– Хусусий бизнес ҳақида орзу қилаётган, аммо муваффақиятсизлик қўрқуви бу жараённи тўхтатиб турганларга нима маслаҳат берасиз?

– Қўрқув муқаррар, аммо ўринли эмас. Ахир ўхшамаган тақдирда ҳам, бу ишнинг охири эмас, балки янги босқичнинг бошланиши бўлади. Нима бўлганида ҳам, сиз янги  ёки эски лойиҳанинг такомиллаштирилган кўринишидаги қимматли тажрибага эга бўласиз.

Феруза, сизга қизиқарли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз ва чин кўнгилдан фаолиятингиз гуллаб-яшнашини, кўплаб миннатдор, бахтли мижозларга эга бўлишингизни тилаб қоламиз!

Комила ҲАСАНОВА суҳбатлашди.