Дарья МАСАЛЬСКАЯ: РЕЖАЛАРНИ ОЛДИНДАН МУҲОКАМА ҚИЛМАГАН МАЪҚУЛ

 Қобилиятли инсон ҳамма нарсада қобилиятли деган ибора айнан LQ журналининг (2018 апрель-май) сони муқовасидаги қизимизга айтилгандек.

Гўзал, ақлли, назокатли, нозик, кўп қиррали ва бошқалардан ажралиб турувчи — Дарья Масальскаяни айнан шундай таърифлаш мумкин.

Дарья Масальская — ҳали жуда ёш, лекин етарли даражада билимли, модель, дизайнер, телебошловчи ва “Parade Allez” агентлигининг раҳбари. У журнал ўқувчиларига ўзининг моделлик бизнесидаги биринчи қадами, телебошловчи, дизайнер ва ишбилармон аёл сифатидаги иш тажрибалари тўғрисида сўзлаб берди. Қаҳрамонимизнинг муваффақиятлари сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умидда эътиборингизга у билан бўлган суҳбатни тақдим этамиз.  

Модага оид бизнес

— Ассалому алайкум, Дарья, журналимизнинг ушбу сони муқовасига айнан сиз қаҳрамон сифатида танланганингиздан жуда хурсандмиз. Ёш бўлишингизга қарамай, турли соҳаларда катта тажрибангиз бор. Келинг, моделликдаги фаолиятингиздан бошлаймиз. Бу бизнесга илк бор неча ёшингиздан кириб келгансиз? Соҳага ўз ташаббусингиз билан келганмисиз ёки ташқи кўринишингиздан келиб чиққан ҳолда кимдир маслаҳат берганми?

— Мен моделлик бизнеси бўйича биринчи тажрибамни 16 ёшимдан бошлаганман. Юқори синфларда ўқиб юрганимда мактабимизга моделлик агентликларидан вакиллар келиб, бизни бирга ишлашга таклиф қилишарди. Мен моделлик жиддий қизлар учун эмас, деб ҳисоблардим ва барчага рад жавобини берардим. Институтда шу каби таклифлар билан боғлиқ ҳолат яна такрорланди. Бу сафар моделлик агентлиги нима эканлигини кўриш, агар ёқиб қолса, ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.

Деярли ўша заҳоти менга Кореядан шартнома таклиф қилишди. Лекин ота-онам рухсат беришмади, чунки ўша вақтда мен давлат гранти асосида институтда биринчи босқичда таҳсил олардим. Ўқишни ташлаб бирор ерга кетиш — институтдан ҳайдалиш дегани,  энг яхши қарор таклифни рад этиш эди.

Ўзим ўқиётган тўқимачилик институтида “Модалар театри” бор бўлиб, у ерга муваффақиятли қабул қилингандим. Моделлик соҳасидаги фаолиятим шундан бошланган.

— Қандай қийинчиликларга дуч келгансиз ва уларни қандай енгиб ўтгансиз?

— “Модалар театри”даги тайёргарлигимни модель армияси деб аташ мумкин. Икки ой давомида Хитойдаги фестивалга тайёргарлик кўрганмиз ва у ерда ўзимизнинг моделлар ва дизайнерларимиз жамоасини намойиш қилганмиз. Дастур тахминан шундай эди — жамоанинг ўнта модели 11 нафар ўзбек дизайнери тўпламини кетма-кет тарзда намойиш қилиши керак эди. Яъни битта модель тўпламнинг биридаги либосни намойиш қилганидан кейин ўша заҳоти бориб, уни бошқасига алмаштириши керак бўларди. Шу тарзда тўхтовсиз 10 марта либос алмаштириларди. Бунда тўпламлар ва ўз образингизни адаштириб юбормаслик муҳим. Шунингдек, намойиш схемаси қайси чиқишда қандайлигини унутмаслик керак бўларди. Бундай кучли тайёргарликдан кейин барча қийинчиликлардан ўтиш осон бўлди.

— Агар сир бўлмаса, биринчи гонорарингизни қачон ишлаб топгансиз ва унинг миқдори қанча бўлган?

— Аниқ эсимда йўқ, лекин тахминан 20 000 сўм атрофида бўлган. Аммо бу 13 йил аввалги гонорар эди.

— Халқаро гўзаллик танловлари ва кўрикларда ҳам иштирок этганмисиз?

— Мен “Face of Central Asia” (Қозоғистон, Олмаота) ва “Face of Asia” (Жанубий Корея, Сеул) халқаро моделлар танловларининг финалистиман.

Кўпинча, моделга айланган 16 ёшли қизнинг хаёлига Саёҳат қиламан ва клубларда вақтимни чоғ ўтказаман деган ўй келади.  Бу чинакам фаолият, иш эканлигини у тушунмайди. Бу борада нима дея оласиз, шунақа ҳолатлар учраб турадими?

— Ҳа, бундай ҳолатлар кўп учрайди, лекин ҳамма нарса тарбияга боғлиқ. Агар болаликдан ҳаётий тушунчалар тўғри шакллантирилган бўлса, эндигина фаолиятини бошлаётган моделда ишига ва ўзига нисбатан масъулиятли муносабат бўлади.

— Бу фаолият орқали хорижда ўзини намоён қила олиш кўп  қизларимизга насиб этганми?

— Чет элда ишлайдиган моделларимиз унчалик кўп эмас, чунки чиқиш қийин. Стандартларга мос келиш керак, шу жумладан, ёш бўйича ҳам, шунингдек, керакли алоқаларга эга бўлиш керак.

— Бугунги кунда дизайнерлар қандай қиёфаларни кўришни хоҳлайдилар?
— Шахсий кузатувларимга кўра, улар нейтрал типажни кўришни хоҳлашади, яъни моделга қараб туриб, унинг қайси миллатга мансублигини аниқлай олмайсиз. Ва, аксинча, ўзига хос, ёрқин типажларни кўриш истагидаги дизайнерлар ҳам бор.

Парҳез ва спорт борасида нима дейсиз?

— Одамлар орасида “Барча моделлар қатъий парҳезга амал қилишади” деган гаплар юради. Аслида эса озгина бошқачароқ: кўпинча моделнинг хушбичимлиги ёки озғинлиги — унинг организмидаги ўзига хослик ва бунга қандайдир қўшимча ҳаракатлар қилишга эҳтиёж қолмайди. Кимда тўлаликка мойиллик бўлса, моделлар қаторида узоқ вақт қолиб кета олмайди, улар тинимсиз озиш учун машаққатли курашни ташлайдилар ёки “+сайз” тоифасига ўтадилар ва ўзларини ўша ерда топадилар.

Фараз қилиб кўринг, ҳар куни ўзини овқатдан чеклаш — қанчалар оғир стресс! Анорексияга чалинган ёш гўзаллар ҳақида ҳикоя қилувчи даҳшатли ҳикоялар эса ана шу чегарадан чиққанларга тааллуқли.

Спортга келадиган бўлсак, албатта, у фақат моделнинг эмас, ҳар бир инсоннинг ҳаётида бўлиши керак. Сиз ўз танангизга қанчалик эътиборли бўлсангиз, у ҳам шунга яраша жавоб беради ва сиз ажойиб кўринишда бўласиз.

— Ўзбекистонда модель кўп пул топа оладими?

— Албатта, бу соҳада ҳам ҳаммаси нисбий: бу моделнинг қай даражада таниқлилиги, ташқи қиёфаси, тажрибаси, билимлари ва ишчанлигига боғлиқ.

— Айтишларича, бу анча ғалвали соҳа. Моделлар билан келишмовчиларлар ҳам бўлиб турадими?

— Катта ғавғоларни анчадан бери кузатмадим. Бу ҳақдаги иғволар албатта бор, лекин умуман олганда, барча модель йигит ва қизлар етарли даражада хушмуомала ва аҳил.

Моделлар неча ёшларида “пенсияга чиқадилар? Улар  кейинчалик қаерда фаолият юритишади?

— Худди либослар каби моделлар борасидаги мода ҳам доим ўзгариб туради. Ҳозир кўпгина топ-нашрларда ёши катта моделлар (40 ёш ва баъзида 70дан катталар)ни ҳам учратиш мумкин. Лекин улар шу ёшда ҳам жуда чиройли ва тароватли. Шунинг учун моделлар “пенсия”сига қўйиладиган муҳлат анча ортга сурилганига умид қиламан.

Агар халқаро моделлар агентликларининг сўровномаларига қарайдиган бўлсак, унда кўпинча фаолиятини бошлаётган моделлар учун қўйиладиган талаб — 14 дан 23 ёшгача. Ёши 23дан ошган моделлар ташқи кўринишига талаб бўлиши ва кучли портфолиога эга бўлиш шарти билан шартномалар олишда давом этадилар.

— Ҳозир Ўзбекистонда “Plus Size” моделлар пайдо бўла бошлади. Бу модага ҳурматми ёки вақт талабими? Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Ғурур билан айтишим мумкин, Ўзбекистондаги биринчи машҳур “Plus Size” модель — Наира, бизнинг “Parade Allez” агентлигимиз модели.

Бу ҳам мода, ҳам вақт талаби, ҳам соғлом фикр. Ахир ҳамма одамлар ҳар хил: кимдир хушбичим, кимдир тўладан келган. Озғин модель қандай қилиб тана тузилиши тўладан келган одамлар учун кийимларни намойиш қилиши мумкин?

— Ўзбекистонда гўзал қизлар жуда ҳам кўп, аммо гўзаллик танловлари деярли ўтказилмайди. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Гўзаллик танловлари ва моделлик бўйича танловларни ташкиллаштириш осон масала эмас ва жуда кўп харажат талаб этади. Аммо яқин орада мен бу борада дадилликни ўз зиммамга оламан ва бирор қизиқарли тадбир ташкиллаштираман!

Зангори экран

Ўзбекистонда телебошловчи сифатида ҳам таниқлисиз. Биринчи марта эфирга чиққан пайтингизни эслайсизми? Бу қандай кўрсатув эди ва илк таассуротингиз қандай бўлган?

— Жуда яхши эсимда. Моделлар агентлигида “ТВ Марказ”даги янги телевизион лойиҳага кастингдан ўтдим. Кўрсатувнинг битта синов варианти ва иккита эфир сонини суратга олдик, аммо лойиҳа, афсуски, экранларга чиқмади.

Биринчи суратга олиш жараёнлари мени лол қолдирди. Мен камера объективлари ва кўрсатув ёзиб олинаётганига ишора қилувчи чироқни кўриб, ҳамма нарсани бутунлай унутиб қўйдим. Суратга олиш узоқ вақт давом этди, лекин ёмон чиқмади.

Бир йил ўтиб, институтни тамомлаётганимда, мени телеканалга стилист сифатида чақиришди, кейинчалик эса кўрсатувларнинг бирида саҳифа олиб боришни таклиф қилишди. Бу катта, қизиқарли ва узоқ муддатли тажриба эди.

— ТВда ишлаш ҳар сафар ўзгача, замонавий ва эсда қоладиган образларни кўзда тутади. Сиз уларни ўзингиз танлайсизми? Кийимларни танлаш жараёни қандай ўтади?

— Эфир учун кийим танлаш — қизиқарли ва баъзида мураккаб жараён. Ўз гардеробингиздаги кийимлар доим ҳам етарли бўлмайди, аммо бу шоппинг учун жуда ҳам яхши баҳона.

— “ZO‘RTV” телеканалидаги “ZVLogers” лойиҳамиз кўнгилочар форматда, шунинг учун менда услубни танлашда қатъий чегаралар йўқ. Мен кўрсатувни суратга олиш жараёнига танланган воқеага қараб, анъанавий ўзбекона нақшли чопонда ёки бошимда гуллардан ясалган гулчамбар билан келишим мумкин.

Сизнинг фикрингизча, телевидениеда ишлашнинг “романтика”си нимада?

— ТВда ишлашнинг ўзи узлуксиз романтика: студия, камера ва чироқлар ўзига мафтун қилиб қўяди. Ҳамкасблар билан ишлаш янада қизиқиш уйғотади ҳамда ривожланиш ва янги билимларни олишга кучли туртки беради. Лекин бу соҳа шунчалар сеҳрли туюлгани билан унинг ортида катта меҳнат ва масъулият ётади.

Сизда эфир пайтида қандайдир кутилмаган ҳодиса ёки кулгили вазиятлар бўлганми? Улардан қандай чиқиб кетгансиз?

— Одатда кўрсатув жараёнида бутун эътиборимни бир жойга жамлаган бўламан ва олдиндан тайёргарлик кўраман. Ҳали кулгили вазиятларга тушганимча йўқ.

— Кундалик ҳаётингизда гардеробингиздаги қайси буюм энг кераклиси?

— Бу, кўпроқ — жинси.

 Дизайнер

Сизда, шунингдек, ўз брендингиз остида кийимлар чиқариш бўйича тажриба бор. Бу иш билан шуғулланиш ғояси қандай туғилган?

— Буни ғоя дейиш унчалик тўғри эмас, бу — орзу, ўз олдимга қўйилган вазифа ва касб эди. Айтганча, дизайнерлик касбини ҳам кўпчилик ҳавас қиладиган касблар сирасига қўшишади. Аслида олганда эса (агар жараённинг бошидан охиригача қатнашадиган бўлса), дизайнерда умуман бўш вақтнинг ўзи йўқ. Мени янги тўплам устида ишлаётган пайтимда 2-3 ҳафтагача “йўқотиб” қўйишлари, ҳатто ижтимоий тармоқларда ҳам кўринмай қолишим мумкин эди. Мулоқотларни яхши кўрадиган инсон бўлганим сабабли, бу жараён менда жуда қийин кечарди.

Айни пайтда шахсий «Da-shik!» брендим бор. Биз ингичка толали меринос жуни ва ипакдан фойдаланган ҳолда мовут босиш усулида муаллифлик аксессуарлари ва кийимларини яратамиз.

Ўзбек дизайнерларининг ижоди сизга ёқадими? Кимларни алоҳида эътироф этишингиз мумкин?

— Бизда жуда яхши ва кучли дизайнерлар бор. Яқиндагина Guzaljon ва Hayra брендлари билан ишлашга тўғри келди ва уларнинг услубларини таъкидлаб ўтишим мумкин.

— Ҳозир мода саноатида ҳам ҳаёт ритми тобора тезлашиб бормоқда. Бундай тезкор жадвалда ишлашни қандай уддалаяпсиз? Тайм-менежмент бўйича шахсий сирларингиз борми?

— Сирлар йўқ, ҳар бир кундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламан. Лекин ҳар доим ҳам буни уддалай олмайман. Саводли тайм-менежментни ўрганишни жуда ҳам хоҳлаган бўлардим.

— Сиз баҳор-ёз мавсумининг қайси трендларига эътибор беришни маслаҳат берган бўлар эдингиз?

— Биринчи навбатда — mom-jeans, лаванда ранги, “чиқишлар”га гулли принт пайеткалар.

Қайси машҳур инсон билан мода ҳақида гаплашишни хоҳлардингиз?

— Болалигимдан Гвен Стефани менда катта таассурот қолдирган, бу қобилиятли аёлда қувват ва куч шунчалик кўп. У яқинда 50 ёшга тўлади, кўриниши жуда ҳам ажойиб, катта оиласи бор. Шунда ҳам гастролларга бориш, янги альбомларини ёзиш ва ўзининг кийим ҳамда аксессуарлари тизимини яратишда давом этади.

Бизнес-хоним

Ўз бизнесингизни қандай очгансиз

— Ҳаммаси менга тушунарли бўлган ва қувонч келтирадиган ўз ишимга эга бўлиш истагидан бошланди. Бунга кўп йиллик тажрибам, алоқаларим ва моделликка бўлган муҳаббатим кўмак берди.

Агентликнинг иши қандай асосда қурилган

— Агентликнинг деярли барча ишини ўзим бошқараман. Ва бунда асосий ёрдамчим — онам.

Бу ерда моделларга нимани ўргатишади?

— Бизда актёрлик маҳорати, хореография, дефиле ва суратга тушиш бўйича турли мастер-классларни ўз ичига олган моделлик маҳоратининг тайёрлов курси мавжуд.

Сизнинг ишингизда энг мураккаб нарса нима?

— Бир вақтнинг ўзида икки-уч жойда бўлиш.

Энг ёқимлиси-чи

— Ўқувчиларимнинг муваффақиятларини кўриш. Уларнинг намойишларига режиссёрлик қилиш.

— Минглаб қиёфалар орасидан салоҳиятли моделни танлаб олиш ҳам қобилиятми?

— Бу, кўпроқ — тажриба.

— Оддий қиёфадаги қиз ҳам моделликка муносиб бўла оладими?

— “Parade Allez” моделлар агентлиги барча типаж ва ёшдаги моделлар учун очиқ. Ҳозир реклама ва тўқимачилик соҳалари фаол ривожланиб бормоқда ва бу ҳар қандай типажларни талаб этиши кишини қувонтиради. Либосларни намойиш қилишга кўпинча бувилар, бувалар, дада, она ролларига катта ёшдаги одамлар ва, албатта, болалар, ўсмирлар керак.

Сиз болалигингизда ким бўлишни орзу қилгансиз?

— Қўшиқчи, актриса ва дизайнер бўлишни орзу қилганман.

Кунингизни нимадан бошлайсиз?

— Эрталабки бадантарбиядан бошлаяпман, аммо одатда куним почта ва мессенжерларни текширишдан бошланади.

— Фикрингизча, аёлнинг қайси сифатлари муваффақиятли бўлишига ёрдам беради? Сизнинг муваффақиятингиз сири нимада?

— Назокатлилик, феъл-атворнинг кучлилиги ва ушбу икки сифатни ўзингизда мужассамлантира олиш.

Асосий камчилик ва фазилатларингиз нимадан иборат?

— Камчилигим шуки, мен етарли даражада уюшқоқ эмасман ва кўпинча иккиланаман. Ютуқларим эса — хушчақчақлик, қатъийлик ва ҳар томонлама қизиқишларимнинг борлиги.

— Келажак режаларингиз қандай?

— Менимча, режа ва орзуларни олдиндан муҳокама қилмаган маъқул…

— Дарья, мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз ва ижодий жамоамиз номидан янги чўққиларни забт этишингизда улкан зафарлар тилаймиз!