ДИҚҚАТ МАКАЗИДА ДИЗАЙНЕР

Дўстлик ва бизнес – бир-бирига мос келмайдиган тушунчаларми?! Ишда илиқ дўстона муносабатлар ва ўзаро тушунишни сақлаб қолиш мумкин эмасми?! Бу – нашримиз қаҳрамонларининг биргаликда муваффақият, гўзаллик ва нафосат чўққисини забт эта олган ҳаёт тарзи.

Елена ва Валерия – бугунги кунда ўзининг чинакам мижозларига эга бўлган мамлакатимиздаги “MWW STYLE” маҳаллий мода кийими брендининг ёрқин, интилувчан, қобилиятли асосчилари. Қизлар “аёллар ҳақида ва аёллар учун” шоири остида ишлайдилар – оптимал ўлчамлар қаторига риоя қилган ҳолда кундалик ва алоҳида бирон тадбир учун камдан-кам учрайдиган, ўзига хос стилли ва қулай кийим яратадилар.

Шундай қилиб, келинг, Валерия ва Елена бугунги кунда эга бўлган нарсаларига қандай эришгани ва бизнесда дўстликни қай тарзда сақлаб қолишга муваффақ бўлаётганларига аниқлик киритамиз.

— Ҳамкорликдаги бизнесни ташкил қилиш ғояси қачон ва қандай туғилди?

ЕЛЕНА: Аслида, ғоя ўз-ўзидан пайдо бўлган. Ва, ўйлашимча, умуман барча муваффақиятли лойиҳалар айнан мана шундай бошланади. Ёз фасли, Валериянинг туғилган кунидан кейин аъло кайфиятда эдик. Ўзимизда кийим яратишга хоҳиш борлиги учун шу соҳа билан шуғулланишга қарор қилдик. Бу тахминан шундай суҳбат билан бошланган эди:

“Лена, либос яратиш учун нима керак?”

“Мато сотиб олиш керак. Қолганини эса ўзимиз қиламиз!”

Бу гаплардан кейин биз деярли бир ҳафтада бутун коллекцияни ишлаб чиқиб, уни фабрикаларга юбордик ва ҳаттоки фотосессия ҳам уюштирдик. Айтгандай, фотосессия, ўз-ўзидан уюштирилганига қарамай, жуда ҳам ёрқин ва таассуротли чиқди! Яратган ҳамма либосларимизни сотиб бўлиб, даромад олганимиздан кейин эса, албатта, ушбу лойиҳани янада ривожлантиришга қизиқиб қолдик.

ВАЛЕРИЯ: Биз Лена билан мактаб партасидан, 3-синфдан дугонамиз. Биз битта партада ўтирардик ва ҳар доим креатив бўлганмиз. Модага қизиқардик ва ўзимизнинг Барби қўғирчоқларимиз учун кўйлаклар тикишни яхши кўрар эдик. Баъзида кимнинг иши яхши чиққани борасида киши билмас рақобат ҳам пайдо бўларди, бу борадаги қизиқишларимиз синфда модалар кўргазмасигача борар эди (табассум қилади). Биз кўп марта ўз коллекциямизни яратиш ғоясини муҳокама қилганмиз, аммо бу иш негадир ўхшамас эди. Лекин натижада ташқи рағбат ва пул топиш зарурати ғояларимизни амалга оширишга олиб келди. Бир жума оқшомида биз ҳаммасини ҳал қилдик, эртаси куни матолар харид қилдик. Якшанба куни коллекциянинг эскизлари яратилган эди, душанба куни эса биз барчасини аутсорсингга учта цехга тарқатдик. 4 кундан кейин коллекция тайёр эди, бир ҳафтадан кейин эса либосларнинг барчаси сотиб бўлинди. Кейин бу ишларимизни ривожлантиришга қизиқиш ва истак уйғонди. Ғоялар доим ўзгарар, қандайдир янги масалаларни ҳал қилишга тўғри келар эди. Натижада бир йил давомида ўзимизнинг кичкинагина ишлаб чиқариш корхонамизни ташкил қилдик, шоурум очдик ва шу кунгача ўз мижозларимизни янги маҳсулот ва коллекциялар билан хурсанд қилиб келмоқдамиз.

— Бизнесда  дўстлик бўлиши мумкинми?

ЕЛЕНА: Албатта бўлиши мумкин! Ва Лера иккимиз бунга мисолмиз. Ростини айтганда, биз энди иш бошлаётганимизда, “Сизлар бир йилга ҳам етиб бормайсизлар”, “Бирга узоқ ишлай олмайсизлар”, “Икковингиз ҳам ўзингизга яраша феъл-атворга эгасизлар” каби скептик фикрларни жуда кўп билдиришди. Мен бир-биримизни тушунишимизда қийинчиликлар бўлмади, деб айта олмайман, чунки шахсий ва ишдаги муносабатлар – ҳаётнинг умуман бошқа-бошқа жабҳалари. Лекин ҳозир, фикримча, шундай даражага етиб келдикки, иш борасидаги қандайдир фикр ва ғояларни конструктив тарзда бир-биримизга етказа туриб, осонлик билан дўстлик ва ишни уйғунлаштиришимиз мумкин. Бу, албатта, осон эмас, лекин мумкин! Ва шундагина, дугона – энг яхши ҳамкор эканлиги аниқ ва равшан бўлади.

 ВАЛЕРИЯ:  Албатта, лекин бизнесда дўстона муносабатларни сақлаш кўп куч талаб этмайди. Бундай иттифоққа уч ҳисса кўпроқ масъулият тушади: биз – дўст, бизнес-ҳамкормиз ва яна олдимизда қўшимча молиявий мажбуриятлар туради. Мен  учун бу ҳаётимдаги энг чуқур ва трансформацияли муносабатлар эканини кўп бора такрорлайман. Ўрганиш, келишиш, қобилиятларни очиш, ҳар доим бир- бирингизни танлашга тўғри келади ва баъзида бу жуда ҳам мураккаб бўлади. Лекин барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, биз бир-биримизга янада яқинроқ бўламиз ва ўртамиздаги дўстлик мустаҳкамлана бошлайди. Бизнесда ҳамкорликдан қўрқиш керак эмас, унда минусларга қараганда плюслар кўп. Бу худди ҳар бирлари ўз вазифаларини тўлақонли бажарадиган оила, яъни она ва отадек гап. Муҳими, ҳар доим бир-бирингиз томонга юриш ва УМУМИЙ, муҳим ва қадрли бўлган нарса учун ЎЗИНГИЗНИКИНИ четга суриб қўйишга тайёр бўлиш.

Фаолиятингизда сизга қайси лаҳза чинакам мамнуният олиб келади:  ғоянинг туғилиши, ижод қилиш, биринчи ўлчамни олиш жараёними ёки мижозларнинг муносабатими?

ЕЛЕНА: Мени ижод қилиш энг кўп қувонтиради, ундан катта қониқиш оламан. Моделларни излаш, уларнинг кам-кўстини тўлдириш, концепциямизга мослаштиришдан иборат изланиш жараёнини ёқтираман. Бу шундай қизиқарлики! Масалан, яратаётган ҳар бир кийимимизни хаёлан ўзимга ўлчаб, текшириб кўраман. Биз, албатта, тенденциялар изидан борамиз ва салоҳиятли мижозларнинг талабларини оқлашга ҳаракат қиламиз, аммо дизайнер сифатида мижозларни ўз ғояларимиз билан илҳомлантиришимиз, шунингдек, дидни ҳам тарбиялашимиз керак.

ВАЛЕРИЯ: Менга мамнуният бағишлайдиган нарса сўзсиз, жараённинг ўзи! Мижозларнинг ўзгаришлари, уларнинг реакциялари. Улар бизнинг доимий мижозларимизга айланганларида эса бундан чексиз мамнуният туямиз! Уларнинг олдида шундай масъулиятни сезасизки, маҳсулотларнинг сифатини янада ошириш ва турли-туманлик билан хурсанд қилгингиз келаверади.

— Брендингизни беш йилдан кейин қандай тасаввур қиласиз?

ЕЛЕНА: Албатта, бизда, режалар улкан! Брендимиз дўконлари тармоғини ҳамда маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда ишлаб чиқаришни кенгайтиришни режалаяпмиз. Бундан ташқари, мен “дизайн бюро” йўналишини ривожлантиришни хоҳлар эдим, чунки ўзим айнан шу соҳа вакиласиман ва бундай атамалар менга таниш, қизиқарли ҳамда ёқимли. Шундай қилиб, умид қиламанки, яқин орада Валерия иккимизда биргаликда ижод қилишимиз мумкин бўлган жуда ҳам зўр дизайн-студиямиз бўлади!

ВАЛЕРИЯ: Биринчидан, биз ишлаб чиқаришни бўлиш ва коллекцияларнинг иккита – премиум-класс ва люкс-класс қаторини яратишни режалаяпмиз, у ерда қиммат матолардан тикилган янада эксклюзив маҳсулотлар намойиш этилади. Иккинчидан, аксессуарлар қатори пайдо бўлади, ўз ишлаб чиқаришимизни кенгайтирамиз. Шунингдек, келажакда дўконларимиз тармоғини бутун Ўзбекистон бўйлаб ишга туширишни мўлжаллаяпмиз. Яна Европа ва Россия бозорларига ҳам чиқишни хоҳлаймиз, албатта.

— Ютуқларингиз калити ёки трендингизни бошқалардан ажратиб турувчи ўзига хослик  нимада деб ўйлайсиз?

ЕЛЕНА: Ютуқларимиз калити шундаки, биз кийимларни кам миқдорда чиқарамиз ва бунда яна ҳар бир маҳсулотнинг ўзига хослигини сақлаб қоламиз. Ва энг муҳим жиҳатимиз шундаки, тана тузилиши идеал бўлишини ва барча ўртача статистик ўлчамларга мос кела олмаслигини ҳисобга оламиз. Шу боис, алоҳида ўлчамлар бўйича тикиш имконини тақдим этамиз. Бунда маҳсулот нархи деярли ўзгармайди!

ВАЛЕРИЯ: Брендимизнинг нарх сиёсати ҳамёнбоп даражада қолаётганига қарамасдан биз эксклюзивликни сақлаб қоламиз. Барча моделлар ягона ўлчамда тайёрланган, кейинчалик биз матоларни ўзгартирамиз, деталлар, ранглар қўшамиз. Моделларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. Бизнинг барча кийимларимиз орасида ўзаро “дўстлик” бор ва биз буни универсал деб ҳисоблаймиз. Масалан, сотувларимизнинг хитлари – эркин андозада тикилган  кўйлакларни ҳар куни паст пошнали оёқ кийим (кроссовкалар) билан кийиш мумкин. Уларни аксессуарлар ва пошнали туфлилар билан ҳам бемалол кийиш ва ҳар қандай тадбирга бориш мумкин. Биз тикишда фойдаланадиган матолар танага жуда ҳам ёқимли, бу аёл учун ўта муҳим.

— “MWW”дан кийим танлайдиган аёлга қандай таъриф бера оласиз?

ЕЛЕНА: “MWW”дан кийим танлайдиган аёл, бу – сутканинг ҳар қандай вақтида жозибали кўринишда бўлиши керак бўлган ишбилармон, мақсадга интилувчан, муваффақиятли, ҳаёт ритми тез кечувчи аёл. Биз аёллар, барчамиз албатта ҳар хилмиз, шунинг учун юқорида санаб ўтилган таъриф – субъектив фикр. Шахсан мен учун, муваффақиятли аёл – бахтли, ўзидан мамнун бўлган аёл, чунки айнан шундай аёл ўзининг атрофидаги ҳаммага нур ва хурсандчилик улашади.

ВАЛЕРИЯ: “MWW” аёли – замонавий, динамик, брендлар ортидан қувмайдиган, аммо ўзининг алоҳида шахслигини ҳар қанақасига кўрсатишни хоҳлайдиган инсон. У сифат ва қулайликни танлайди. У бўш вақти кам бўлган ва тўлиқ, чақмоқ тезлигидаги сервисга эҳтиёж сезувчи юқори ҳаётий стандартларга эга аёл. Ва биз бунинг ҳаммасини муваффақият билан тақдим этамиз.

— Бизнесни икки киши бўлиб олиб бориш якка ишлашдан осонроқми ёки қийинроқми? Ахир вазифаларни тақсимлашда ҳар бир томон нимагадир рози бўлиши, муроса йўлини излашига тўғри келади…

ЕЛЕНА: Мен  умуман осон йўлларни изламайдиган одамман, лекин бизнесни икки киши бўлиб олиб бориш осонроқ, деб ҳисоблайман. Энг муҳими – 100 фоиз ишонишинг мумкин бўлган одамни топиш, чунки бу ишда ишонч – энг зарур бўлган жиҳат. Мен Валерия билан муносабатларимизда тўла ўзаро тушуниш бор, деб айта олмайман, лекин ўртамизда бир-биримизга мутлақ ишонч бор. Ва бу барчасини ҳал қилади! Муроса ва майда-чуйда тушунмовчиликлар ана шундай ҳамкорликнинг устуворликлари билан таққослаганда ҳеч нарса эмас.

ВАЛЕРИЯ: Менда бизнесни икки киши бўлиб олиб бориш борасида тажриба бор, ўтмишда бир неча марта шундай иш қилганман ва бу лойиҳаларнинг ўз қийинчиликлари бўлган. Беш йил муқаддам балки бу саволингизга “Ҳеч қачон!” деган бўлар эдим (табассум қилади). Лекин ҳозир бизнесдаги ҳамкорликка, айниқса, аёллар борасидаги шерикликка мен сўзсиз “Ҳа!” дейман. Ахир бизда вазифалар кўп: нафақат муваффақиятли тадбиркор бўлиш, балки она, севикли аёл вазифаларини ҳам уддалашимиз муҳим. Бунинг барчаси вақт талаб этади. Ва бизнес ҳақидаги ташвишларни ким биландир баҳам кўриш мумкин бўлганида, барча вазифалар осонлашади. Фаолиятимизни кўпинча арава қўшилган от билан қиёслаш мумкин: иккита от кўтарган юкни битта от олиб кета олмайди-ку. Бизнинг вазиятимизда ҳам айнан шундай!

— Сиз ҳар бир аёлга ўқиб чиқишни тавсия қилишингиз мумкин бўлган китоб…

ЕЛЕНА: Сизга илҳом бағишловчи китобларни ўқинг… Умуман олганда эса мен яшаш, ўзингиз ва атрофингиздаги оламни ҳис этишни тавсия қиламан.

ВАЛЕРИЯ: Мен жуда кўп ўқийман ва муваффақиятли аёлларнинг тарихини ўрганаман. Бу ҳар доим менга қувват беради ва илҳомлантиради. Уларнинг тажрибаларидан билим оламан. Бу, айниқса, қийинчиликлар вақтида ёрдам беради… Яқиндагина София Аморузонинг “#GIRLSBoss” китобини ўқиб чиқдим. Бу китобни ўз ишини бошлаш ҳақида ўйлаб юрган ҳаммага қатъий тавсия қиламан!

Бутун LQ таҳририяти номидан Елена ва Валерияга мазмунли суҳбат ва батафсил маълумотлар учун ташаккур билдирамиз. Сизларга ҳар қачон ижодий муваффақиятлар, доимий илҳом ва қаноатланишнинг “Ҳа, бу айнан ўша “Magic Woman’s World”!” деб айтишингиз мумкин бўлган нуқтасига етиш бахтини тилаймиз.

Ва, ниҳоят, кичкинагина блиц-сўров:

Кўйлак ёки шим?

  • ЕЛЕНА: Кўйлак / ВАЛЕРИЯ: Кўйлак.

Сумка ёки рюкзак?

  • ЕЛЕНА: Сумка / ВАЛЕРИЯ: Сумка.

Чой ёки қаҳва?

  • ЕЛЕНА: Қаҳва / ВАЛЕРИЯ: Қаҳва.

Китоб ёки фильм?

  • ЕЛЕНА: Китоб / ВАЛЕРИЯ: Китоб.

Хабар ёки қўнғироқ?

  • ЕЛЕНА: Қўнғироқ / ВАЛЕРИЯ: Хабар.

Комила ҲАСАНОВА суҳбатлашди.

Севара МАНСУРОВА ёзиб олди.