Гулноза Собирова: «Ўзлигингиз билан қолинг, муҳими, либосингиз ярашиб турсин!»

Гуллар – табиатдаги чексиз гўзаллик, аёллар эса – ушбу гўзалликнинг ҳаётдаги тимсоли. Меҳмонимиз дизайнер Гулноза – “Fiora” брендининг асосчиси, ҳаётга айнан ўша, ёрқин гуллар дунёсининг призмаси орқали қарайдиган инсон. Яқинлари томонидан ардоқланган, ўзларини севган, ҳурмат қилган аёлларга тўла дунё – унинг орзуси.

Қуйидаги интервьюда Гулноза дунёни қандай кўриши ва “Fiora” брендининг либослари қандай нома олиб келиши тўғрисида гапириб беради.

Ҳозир Гулноза 34 ёшда, оилали ва 11 ёшли ўғли бор. Шунга қарамай, қаҳрамонимиз чарчоқ нималигини билмай, ўз устида изланади, салоҳиятини ривожлантиради ва “Fiora”ни қачон бўлса ҳам, дунё даражасидаги брендга айлантириш учун синчковликни талаб этувчи фаолият билан шуғулланади.

– “Fiora” брендининг вужудга келиш тарихи қандай?

– Мен туғилиб ўсган Наманганда ҳамма қизларни ўз қўллари билан бирор нима яратишни билишлари ва қандайдир ҳунар эгаллашлари учун машғулотларга жалб этишарди. Расм чизишга қизиққаним сабабли, ота-онам мени тикувчига шогирдликка беришган. Шундай қилиб, 12-13 ёшимда кийим тикишни ўргандим. Кейинчалик билимларимни мустақил равишда ривожлантирганман – интернетдан маълумотларни қидирардим, турли онлайн-курсларда қатнашганман ва беш йил аввал ўз кучимни дизайнер сифатида синаб кўришга қарор қилдим.

Мен тайёр образларни яратишни, аниқ бир одам учун бирор янги нарса ўйлаб топишни жуда ҳам ёқтираман. Яна Италияни ва ўз исмимни яхши кўраман, бунинг учун ота-онамдан миннатдорман. Айнан шу бренд номи учун асос бўлди – “Fiora”. Бу сўз итальян тилидан таржима қилинганида “гул” деган маънони, яъни исмимни билдирувчи сўзни англатади. Бундан ташқари, брендимизнинг логотипида ҳар бир аёлнинг белгиси – гул тасвирланган, чунки шахсан мен учун ҳар қандай аёл –  ўзига хос тарзда очиладиган гул.

–  Бренднинг фалсафаси нимада?

– Менда қандайдир фалсафа бор, деб айта олмайман, лекин албатта кучли, аммо назокатли аёллардан илҳомланаман. Ўзини парвариш қилиб, чиройли бўлиб  юрадиган аёлларга қарашни жуда яхши кўраман. Қандай кийингани муҳим эмас, асосийси – унга қараб баҳра олгинг келиши, унга ғамхўрлик қилиш, уни яхши кўргинг келиши…

2018 йилнинг кузида “Fiora” бренди Қозоғистондаги мода ҳафталигида иштирок этганидан хабаримиз бор. Ҳафталикдан олган таассуротларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз…

– Бизнинг у ердаги иштирокимиз кутилмаганда, ўз-ўзидан юз берди. Мен ҳар доим хориждаги мода ҳафталигида иштирок этишни орзу қилардим ва, тўғрисини айтганда, жуда ҳам ҳаяжонландим, ташвишландим, аммо натижада бу мен учун кутилмаган катта бир янгилик, сабоқ бўлди. Асосий мақсадим, мода ҳафталигида Ўзбекистон дизайнерларининг ўз анъанавийлигини йўқотмаган ҳолда сўнгги урфга монанд, стилли ва барча ёқтириб киядиган кийимни яратишларини кўрсатиш эди.

Мен миллий пойабзал – “40 кокил”ни дағаллик билан уйғунлаштиришга уриниб кўрдим, бу кўпчиликни ҳайрон қолдирди ва ҳайратга солди. Хуллас, ўзимнинг бошқа қирраларимни ҳам кашф этдим. Умуман олганда эса тан олиш керак, Қозоғистон – бошқа даража, улар бу соҳада муваффақиятли ривожланишган ва анча илгарилаб кетишган. У ерда ҳар бир дизайнернинг ўзига хос стили, қарашлари, тақдим этиш усули бор. Уларнинг ҳар бири ўз коллекцияси ҳақида унга маълум бир маънони қўшган ҳолда аниқ ва равшан гапиради.

Ҳозирги авлод кийимга чинакам истеъмолчи сифатида муносабатда бўлади, “fast fashion” деб аталувчи тўпламларга эса маълум талабларни ҳам қўяди (масалан, унчалик қиммат бўлмаган матолардан долзарб бичим каби). Сиз коллекцияларни яратишда ушбу талабларга риоя этасизми?

– Авваллари ҳамма нарсани ўз ихтиёримга кўра қилардим. Агар миямда туғилган образ қиммат матоларни талаб қилса, қиммат нархдагисини, агар арзонларини талаб қилса – арзонроқларини сотиб олардим. Мен учун нарх аҳамиятга эга эмас, чунки агар чиндан ҳам ўзим ўйлаган нарсани яратишни хоҳласам, уни матоларнинг нархига қарамаган ҳолда яратаман. Бу мен учун ҳам плюс, ҳам минус ҳисобланади, шунинг учун бу йил истеъмолчига ишлашга ҳаракат қиламан. Тикаётганимда ҳар доим мен тиккан либос кимнингдир эгнида шунчаки осилиб турмаслигини, гардеробдаги севимли кийим бўлишини ва уни сотиб олган қиз ёки аёл ўзини унда биринчи навбатда қулай ҳис этишини хоҳлайман.

Сиз учун коллекция яратишда энг қийини нима?

– Коллекцияни яратишда хаёлимда биринчи ўринда “Бу либос қулайми ўзи?” деган савол туғилади. Шунинг учун мен ҳар доим кийимнинг танани қичиштирмаслиги, унда ҳаракатланиш қулай ва мато юмшоқ бўлиши ҳақида ўйлайман. “Гўзаллик қурбонликни талаб этади”,  дейишларига қарамай, мен учун энг муҳими – қулайлик ва коллекцияларимни яратишда мен шу қоидага риоя қилишга ҳаракат қиламан. Яна бир кичкинагина мураккаблик – миямда туғиладиган барча образларни ҳар доим ҳам амалда ярата олмайман. Баъзида хаёлимда нималар пайдо бўлишидан ўзим ҳайрон қоламан. Эҳтимол, барча ғояларимни амалга ошириш учун мен худди ўзимга ўхшаган телба одамлар яшайдиган Японияда яшашим керакдир (кулади).

Бугун маҳаллий кийим брендлари сони ўсиб бораётганини кузатяпмиз, аммо улар ҳар доим ҳам дипломли мутахассис-дизайнерлар томонидан тақдим этилмаяпти. Кийим брендини яратиш учун махсус маълумотга эга бўлиш муҳимми?

– Ўйлашимча, ҳа. Саводли тақдим этиш учун маълумот зарур. Масалан, ўзим кўп коллекцияларимда хатоларга йўл қўйганман. Албатта, буларнинг ҳаммаси тажриба билан ҳам боғлиқ, лекин одам керакли жой ва керакли вақтда таълим олган бўлса, у ўз ишига саводли ёндашади. Тажриба – албатта, яхши, аммо жуда кўп вақт талаб этади. Ҳатто ҳозир ҳам шуни тушунаманки, агар ўз вақтида ўқий олганимда,  бугун хатоларим туфайли ўрганган нарсаларимнинг кўпини билган бўлардим. Маълумотга эга бўлиш туфайли ўз дидингиз, дунёни қандай кўришингизни кўрсатиб бериш анча осон бўлади.

Одатдаги иш кунингиз қандай ўтиши ҳақида гапириб беринг: у нимадан ва қайси вақтда бошланади, соат нечада тугайди?

– Тонгим бир стакан сув ичишдан бошланади, ундан кейин шу заҳоти ишлашни бошлайман, чунки устахонам уйимда жойлашган. Соат 11-12 ларда нонушта қиламан, тўғриси, биратўла тушлик қиламан, десам ҳам бўлади (табассум қилади). Албатта, қаҳва ичаман. Баъзида нонуштадан кейин эрталабдан фотосессиялар уюштираман. Кейин эса иш, иш, иш бошланади… Мижозлар, ўлчамлар, дазмол қилиш… Кечки пайт албатта бирор яхши фильмни томоша қиламан, китоб ўқийман ёки ўғлим билан мультфильм кўраман.

 Сиз учун қайси жаҳон бренди ёки дизайнери ибрат олса арзигулик ҳисобланади?

– Мен дизайнер Александр Маккуин олдида бош эгаман. Бу – деярли биринчи нигоҳдан севиб қолиш даражасидаги фаолият! Унинг илк коллекциясини кўрганимда кўнглимдан кечган ҳиссиётларимни ҳеч қачон унутолмайман. Бу бир ажойиб, тасаввур қилиш қийин бўлган нарса эди! У вафот этганида, чинакамига мотам тутганман.… Унинг тўпламлари – бутун бир шоу, бошқа дунё. Унинг кийимлари, ҳар бир ижоди ақл бовар қилмайдиган даражада қизиқарли, ноанъанавий, кутилмаган эди. Ўзининг коллекциялари орқали у ҳар доим одамларга ниманидир етказишни хоҳларди, уларда қандайдир номалар бор эди. Оғриқ, азобланиш, муҳаббат – ўзининг барча ички ҳиссиётларини у либос орқали етказар эди. Мен учун у энг яхши дизайнер бўлган, ҳозир ҳам шундай ва шундай бўлиб қолади!

Ўқувчиларимизга эътиборларини қайси трендларга қаратишни тавсия этасиз?

– Ўзлигингизча қолинг! Ўзингизни ким биландир таққослаш, маълум бир стандартларга риоя қилиш керак эмас. Чет эл, Европадаги одамлар бошқа, уларнинг тана тузилиши, бўйи, анъаналари, менталитети ўзгача. Улар учун чиройли бўлган нарсалар бизга мос келмайдиган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳозир мамлакатимизда стилистика фаол ривожланаётгани ва аёлларимизни йўналтира олиши мумкин бўлган блогерлар борлигидан беҳад хурсандман. Мен ҳам авваллари кўпроқ Европага қараганман, моданинг ортидан қувганман, аммо бу катта хато экан. Ёнингизда кимлар яшаётганига қараш лозим ва одамларга кулги бўлмаслик учун ўзингизга ярашадиган кийимни кийиш керак!