Мода ҳафталиги турфа услублар майдони сифатида

Мана, ҳар йили мамлакатимизнинг турли бурчакларидан янада қобилиятли дизайнерларни бир жойга жамлайдиган Тошкент халқаро модалар ҳафталиги якунланди. Шакллар, матолар ва, умуман, дизайнерлик ёндашувларининг турлилигини ўзига хос тарзда намоён қилувчи бу тадбир нафақат фестивал ўтказилаётган жой, балки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни ҳам позитив флюидлар билан тўлдирди.

Ахир тадбирда модани чиндан ҳам қадрлай оладиган барча инсонлар – дизайнерлар, бошловчилар, артистлар, журналистлар иштирок этишди. Айниқса, фестивал чет эллик дизайнерларни моданинг ноёб ахборот платформаси ва чексиз роҳатланиш манбаси сифатида жалб этди.

Эҳтимол, айнан шунинг учун мода ҳафталигида, Ritu Beri (Ҳиндистон), Sabrina Persechino (Италия), шунингдек, яқин хориждан – Алия Шаршенбиева (Қирғизистон), Хуршед Саттаров (Тожикистон) каби дизайнерлар ўз ишларини намойиш қилдилар.

Бундан ташқари, мода ҳафталиги доирасида, Хитой дизайнерлари WU Wenhi, CHEN Qiaoqiao ва етакчи маҳаллий дизайнерлар Елена Мильбергер, Николай Нама, Дина Сайфи каби дизайнерлардан маҳорат дарслари ҳам тақдим этилди. Томошабинлар Хитой вакиллари томонидан намойиш қилинган маҳорат дарсларида дизайнерлик санъатида акс эттириладиган миллий урф-одатлар билан танишдилар. Шунингдек, уларга анъанавий усулда кашта тикиш жараёнида шахсан қатнашиш имкони берилди. Ўзбекистоннинг Денис Томилин, Умида Ҳамидова, Дилноз Эркинова, Дилдора Қосимова, Нилуфар Абдувалиева каби дизайнерлари томошабинларни ўзларининг энг яхши коллекциялари билан илҳомлантиришди.

Бутун жамоатчиликда унутилмас таассурот қолдирган ва барчага эстетик ҳузур бағишлаган Николай Нам ва Елена Мильбергернинг “The MIX” деб номланувчи муаллифлик кўргазмасини алоҳида таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Улар ҳақида томошабинлар шундай фикрларни айтишмоқда:

Жуда ёрқин кўргазма, бу ердаги ассортиментлар ҳар доимгидек турли-туман. Николай ва Елена ҳар хил истеъмолчининг талабини инобатга олган ҳолда ишлаши менга жуда ёқди. Еленада люкс классидаги маҳсулотлар, Николайда эса – кэжуал, аммо улар ҳам ёрқин безак элементлари билан берилган. Биргаликда эса улар ҳақиқий микс бўла оладилар, айтганча, улар ҳам ўзларини шундай аташади!” – дейди Таисия Чурсина.

Кўргазма, образлар жуда ҳам ёқди. Айниқса, сумкалар ўзгача таассурот қолдирди, чунки Европада шаффоф сумкалар – моданинг энг сўнгги чўққиси ҳисобланади”, – дея изоҳлади ўз тассуротини яна бир томошабин Анита.

Бу ажойиб тўплам. Шу ҳафтада кўрганларим орасида энг яхшиси. Янги, креатив, энг сўнгги урфда... Бу ижодкорлар ҳар доим вақт билан ҳамнафас юрадилар,   дейди яна бир томошабин Ҳафизхон.

Ўзбекистоннинг ёш, лекин юксак чўққиларга интилувчан дизайнерлари ўз ишларини намойиш этган Tashkent Fashion Performance номли кўргазма ҳам ёрқинликда бошқаларидан қолишмади. Бу ерда 20 нафар дизайнердан 15 та тўплам намойиш этилди.

Меҳмонлар – чет эллик дизайнерларнинг кўргазмалари алоҳида эътиборга лойиқ. Халқимиз меҳмондўстлиги билан машҳур ва бу жиҳат фестивалда яна бир бор ўз исботини топди. Ҳиндистонлик дизайнер – Риту Берининг муаллифлик кўргазмасига Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироатхон Мирзиёева ҳам ташриф буюрди. Бу ҳақда дизайнер Ritu Beri ўзининг “Instagram”даги саҳифасида қуйидагича ёзади: “Гўзал биринчи хоним эътиборимни ўзбек анъаналарига қаратди. Бу қисқа, аммо унутилмас сафарнинг чиройли якуни бўлди”.

Тошкент модалар ҳафталигига Европача руҳ олиб кирган ва томошабинларни бир неча дақиқа давомида гўё ўзига хос модаси ва моделларининг уйғунлашуви ноанъанавий бўлган ҳақиқий Италияга “саёҳат қилдирган” Италиялик дизайнер Sabrina Persechino ҳам жуда илиқ кутиб олинди.

Умуман олганда, мустақил томошабинлар билан ўтказилган сўров натижалари бўйича, уларнинг у ёки бу кўргазмадан кейинги ҳолатларини тўлиқ очиб берадиган сўзлар – “бахт”, “илҳом”, “кўтаринки кайфият” бўлди.

Сўзсиз, бу йил тадбирнинг ташкил қилиниш даражаси олдинги йилга қараганда анча юқори бўлди. Масалан, дизайнер Таисия Чурсина бу йил саҳнанинг жойлашуви олдинги йилгига қараганда анча қулай, ёритилиш даражаси янада яхши бўлганини таъкидлади. Ва, умид қиламизки, ташкилотчилик борасидаги ижобий силжишлар йил сайин ошиб бораверади. Ва дизайнер Ҳафизхон таъкидлаганидек, профессионализм кўпроқ бўлади.

Севара МАНСУРОВА

Фотосуратчи: Анжела Толибжонова