Нилуфар СОТИБОЛДИЕВАдан фақатгина “LQ” ўқувчилари учун эксклюзив интервью

Ёрқин, гўзал, қуёш каби порлоқ…

Муқовамиздаги аёлни айнан шундай таърифлаш мумкин. Агар Нилуфар Сотиболдиева бошловчи сифатида қатнашаётган тадбирларнинг бирортасида иштирок этган бўлсангиз, гап нима ҳақида кетаётганини тушуниб оласиз. Юқори даражада профессионаллиги, ўз ишига масъулиятли муносабати ва бор кучини сарфлаши уни мамлакатимизнинг энг машҳур бошловчиларидан бирига айлантирди.

Нилуфардан ўзининг хотиралари ва ҳаётининг энг ёрқин лаҳзалари ҳақида сўзлаб беришини илтимос қилдик.

Мен 1982 йил 21 майда, Тошкентда, оддий оилада туғилганман. Онам — шифокор, отам — ички ишлар бўлимининг терговчиси бўлганлар. Отамни элас-элас эслайман, автоҳалокатга учраганлар ва ҳаётдан эрта кўз юмганлар. Онамнинг айтишича, ўша бахтсиз тунда дадам мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетмоқчи бўлганлар, лекин онам рухсат бермаган эканлар.

Дадам мени елкаларида кўтариб юрганларини ва биз биргаликда Янги йил арафасида арча сотиб олганимизни эслайман. У картон қутида эди. Арча ўйинчоқларининг рангли расмлари чизилган бу қутини жуда ҳам яхши эслаб қолганман. Бу қути кейин ҳам анча вақтгача эски, йиртилган бўлса-да, менга дадамни эслатиб турарди. Дадамнинг қандайдир мардонавор, ҳимояланганлик ҳиссини уйғотувчи қадрдон ҳидлари ҳам ёдимда…

Онамнинг айтиб беришлари бўйича, болаликда жуда ҳам рашкчи бўлган эканман. Дадамнинг машиналари бўлган экан. Мен унинг олдига ҳеч кимни яқин келтирмас ва ҳар доим олдинги ўриндиқда ўтирарканман. Бир марта циркка борганимизда, қариндошларимнинг қизлари мендан беркиниб машинанинг орқа ўриндиғига чиқиб олишган экан. Йўлда ўтлаб юрган қўйларни кўриб қолиб, хурсанд бўлиб “Қўзичоқлар, қўзичоқлар!” деб қийқира бошлаганман. Бу гапимдан кейин машинадаги сингилларим ҳам қизиқиб, беркиниб олган жойларидан бошларини кўтариб қарашган. Шунда мен бақириб, уларни машинадан туширишни талаб қила бошлаганман. Онам қизлар билан йўловчи машинада кетишларига тўғри келган ва биз дадам билан ўзимиз кетганмиз.

Отамнинг вафотларидан кейин онам синглим иккимизга уларни узоқ мамлакатга кетган, деб айтардилар. Ҳар сафар осмонда учиб кетаётган самолётни кўрсам, “У ерда дадам борлар” дердим. Мен кунларнинг бирида дадам албатта қайтиб келади ва биз яна арча сотиб олишга борамиз, деб ишонардим.

Синглим бор ва болалигимда онамни ундан ҳам жуда қаттиқ рашк қилганман, ҳатто уришиб ҳам кетардик. У ҳовлида йўқолиб қолиб,  ойим билан уни қидирганимизда, мен орқада кетардим ва “топилмасин” деб ният қилардим. Яккаю ягона фарзанд бўлишни хоҳлардим. Ҳозир эса синглимдан яқин дугонам йўқ, у — менинг барча ишларимда маслаҳатчим.

Онам бизни жуда қаттиққўллик билан тарбиялаганлар, мактабдаги ҳеч қандай байрам тадбирларига юбормасдилар, мен эса бундан жуда хафа бўлардим. Ўшанда вақти келиб деярли ҳар бир куним байрам бўлишини ва ушбу байрамлардан ҳатто чарчаб қолишимни тасаввур ҳам қилмаганман. Яна… онам сочимни қирқишга рухсат бермасдилар. Жуда қалин ва узун бўлгани сабабли ўрилган соч билан юришга қийналардим, ҳатто бўйним оғрирди.

17 ёшимда рухсатсиз сочларимни қирқтириб келдим. Ана ўшанда онам мен билан жиддий суҳбатлашган… Шу тарзда менда узун сочларга бўлган нафратни уйғотишган.

Болаликда мен ўзимни доим телевизорда тасаввур қилардим, лекин бошловчи сифатида эмас, қандайдир қаҳрамонлик кўрсатган, ёки бутунжаҳон олимпиадасида ғолиб бўлган инсон сифатида. Айтмоқчи, мен ҳақиқатдан ҳам, мактаб олимпиадаларида ғолиб бўлганман, “яхши”, деярли “аъло” баҳоларга ўқиганман. Болалар мен билан дафтаримни кўчиришга бериб турганим учун дўст бўлишарди. Қизлар эса яхши муносабатда бўлишган, чунки менинг қиёфамда ўзларига рақобатчини кўришмаган. Болалигимда чирой борасида ажралиб турмаганман. Ўқитувчилар мени доим мақташарди, лекин фақатгина яхши баҳоларим учун эмас. Чунки ижодкорликнинг бошланиши болалигимданоқ ўзини намоён қилган ва мен мактабнинг маданий ҳаётида жуда ҳам фаол бўлганман.

9-синфдан кейин мактабгача таълим муассасалари тарбиячилиги бўйича ўқишга қарор қилдим ва шу билан бир йил вақтимни йўқотдим. Институтга тенгдошларимдан бир йил кейин ўқишга кирдим. Эсимда, ўқитувчилар мени ўқишни мактабда давом эттиришга кўндириш учун роса ҳаракат қилишган. Кейинчалик кетганимдан афсусланганман, лекин бунинг сабаби кўпроқ менда сўнгги қўнғироқ ва битирув кечаси ўзим ўйлагандек бўлмагани эди.  Ҳарқалай, 11 йил ўқиш — умуман бошқа нарса. 16 ёшимда болалар боғчасига инглиз тили тўгараги ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. Биринчи ойлик маошимга онам билан сумка, кофта ва юбка олганимиз эсимда. Онамнинг ойлик маоши кўп эмасди, шунинг учун жуда оддий кийинардим, синглим эса ҳар доим менинг кийимларимни киярди. Пул топишни бошлаганимда чинакам ҳаётни тушунгандек бўлдим, лекин барибир ўта башанг кийиниб юрмасдим.

Кейинчалик Жаҳон тиллари университетинининг инглиз тили филологияси факултетини тамомладим. Телевидениега университетнинг охирги босқичида ўқиётганимда, 2004 йилда келганман. У вақтлар “Халқаро” канал Президент фармони билан “Спорт” канали сифатида фаолият кўрсата бошлаган, у ерга ёш ходимларни қабул қилишаётган эди. Спортда ҳеч нарсани тушунмасам-да, тақдир тақозоси билан ўша ерга тушиб қолдим. Ҳатто кўнгилсиз воқеалар ҳам рўй берган. Бир марта футбол мутахассисларидан бири суратга олиш жараёнида мендан футбол жамоасида ўзи нечта ўйинчи бўлишини билиш ёки билмаслигим ҳақида сўради. Мен тап тортмай: “Биламан, 14та!” деб жавоб бердим ва бир ой муддатга суратга олиш жараёнларидан четлаштирилдим. Аммо бахтимга ёшларни қўллаб-қувватлайдиган, ўргатадиган ва йўл-йўриқ кўрсатадиган жамоага тушганман. Шундай қилиб, менинг спорт журналисти сифатидаги фаолиятим бошланган. Фаолиятим жуда қизиқ эди — дунё бўйлаб сафарларга борардим, кўпгина нуфузли халқаро турнирлар, чемпионатларни ёритганман, мени турли мусобақаларнинг очилиш ва ёпилиш тантаналарига бошловчи сифатида таклиф қила бошлашган. Учта тилни — рус, ўзбек ва инглиз тилларини билишим энг катта ютуғим эди. Кейинчалик янгиликлар дастури сухандони бўлдим. Ундан кейин эса тўйлар, бошқа тадбирлар бошланиб кетди. Кўчада таний бошлашди. Худога шукур, юлдузлик касали тез ўтиб кетди. Кимдадир бундай бўлмайди дейишса, ишонмайман.

Ёлғизликда қолишни хуш кўраман, бундай вақтларда фалсафий фикрлар туғилади. Саёҳат қилишни яхши кўраман. Севимли шаҳрим — Лондон, энг илиқ хотираларим шу шаҳар билан боғлиқ. Айнан ўша ерда, 2012 йилда ўз тақдиримдаги инсонни учратганман. 2013 йилда она бўлдим. Қизимнинг исмини Амани деб қўйишга қарор қилдик, арабчадан бу “орзу қилинган” деб таржима қилинади. Ташқи қиёфамдан қониқмаганим сабабли, назаримда, ҳар доим болаларим чиройли бўлмайдигандек туюларди, лекин хато ўйлаган эканман ёки ҳамма болалар оналари учун энг чиройли бола (кулиб)! Онам мендан фахрланганларидек, мен ҳам қизим билан фахрланишни орзу қиламан. Умуман олганда, яна битта, ҳатто иккита фарзандли бўлишни хоҳлайман. Ёшинг улғайган сари кўнглингга яқин одамларнинг борлиги қанчалар яхши эканини тушуниб етаркансан…

LQ” журнали таҳририяти Нилуфарга лойиҳадаги иштироки учун миннатдорчилик билдиради ва унга сидқидилдан ишларида равнақ ҳамда янги чўққиларни забт этишини тилайди.