НОЗИК, АММО ИРОДАЛИ

Ташқи кўриниш алдамчилигига кўп бора ишонч ҳосил қилганман. А.Навоий номидаги ДАБТнинг прима балеринаси Нодира Михайловна Ҳамроева ҳам ташқи кўринишдан хушбичим ва нозиккина бўлса-да, жуда иродали инсон экан.

Артистлар оиласида улғайган ва болалигини театр саҳнаси ортида ўтказган Нодира бу унинг ҳаёти эканини тушунарди ва бошқа касблар тўғрисида ҳатто ўйламаган ҳам. Албатта, ҳеч ким балерина бўлиб туғилмайди, унга секин-асталик билан эришади, лекин балеринанинг қизи бўлиш, бу — тақдир…

Жуда ҳам зич иш жадвали, хусусий бизнес, онасининг эътиборини талаб қилувчи икки ёшли кичкинтой — мана шу қаҳрамонимиз яшайдиган чинакам ҳаёт. Театрдаги репетициялар эрталаб соат 8дан бошланади, орадаги танаффусларда хусусий мактабида дарс бериш, кейин яна кечаси соат 22-23гача 6/7 режимида давом этадиган репетициялар… Бундай иш жадвалига ҳамма ҳам кўника олмайди. “Қачон ва қандай дам олишни хуш кўрасиз?” деган саволга Нодира “Дам олишнинг ўзи йўқ”, деб жавоб беради. Бирор-бир яхши кўрган машғулотинг билан тўлдириш мумкин бўлган бўш вақт унга етишмайди.

Бир кун аввал мавсумнинг очилишига бағишланган тадбирдан тунги соат 3да қайтганига қарамасдан, Нодира суратга тушириш жараёнига эрталаб соат 7да етиб келди. Йиллар давомидаги қаттиқ интизом ва тартибга риоя қилиш натижасида, у қанчалар чарчаганига қарамай, тўлақонли ишлашни одатга айлантирган. Булгаковнинг мухлиси бўлгани боис, мистикани яхши кўради, аёллар учун романларни тан олмайди ва пушти рангдаги кўзойнакларни тақмайди. Кўп ўқийди ва ҳаётини мусиқа ҳамда рақссиз тасаввур қила олмайди. Ижод унинг учун зиқликка қарши восита ва илҳом берувчи доимий ҳамроҳ. Нодира салбий образдаги роллар ҳақида орзу қилади, лекин дарҳол ўзини тўхтатиб, орзу қилган бу ролларини ўйнай олмаслик эҳтимоли юқорилигини айтади ва буни услуби бошқалиги, раҳмсизлик етишмаслиги билан изоҳлайди. Аммо у барибир ўзида мавжуд ва эришганларидан бахтиёр. Бугун театрдаги асосий фаолиятдан ташқари, Нодира учун энг муҳим нарса, бу — унинг бутун ҳаётий орзуси бўлган Нодира Ҳамроева номидаги балет мактабини яратиш ва фаолиятини йўлга қўйиш. Ахир хусусий мактаб, шахсий бренд, бу — анча баланд босқич, юқорига зинапоя.

Биз чин қалбимиздан мазкур лойиҳа ўсиши ва кенгайишини, бошқа шаҳарларда унинг филиаллари ташкил қилинишини, унинг тарбияланувчилари эса мактабнинг ғурури бўлиб улғайишини ҳамда нафақат мамлакатимизда, балки унинг ташқарисида ҳам таниқли бўлишларини тилаймиз!