РЕЗЮМЕНИ ҚАНДАЙ ТЎЛДИРИЛГАН МАЪҚУЛ?

“Davinci Solutions” консалтинг компанияси директори Анна Ефимова эксперт сифатида резюмени тўғри тўлдириш бўйича ўз фикрларини биз билан ўртоқлашди

Хўш, ҳаммасини нимадан бошлаш керак?

Балки ишонмассиз, лекин аввало электрон почта яратишингиз зарур. Ҳаммасиа айнан почтанинг номидан бошланади. Резюмени krasotka@mail.ru ёки fjgjffjj@gmail.com почталаридан юборманг. Иш қидириш учун ўз фамилия ва исмингиз билан gmail, mail каби жиддий ресурсларда янги почта яратинг.

Афсуски, кўпинча менга резюмелар номи кўримсиз почта қутиларидан келади. Нимадир “спам”га тушади, у ердан олган мактубларимга эса номзод ўзи учун жиддий почта очишга ҳаракат ҳам қилмабди ва хатларни 10 йил аввал яратилган почта манзилидан юборяпти, деган белги қўяман.

Шундай қилиб, стандарт шаклдаги резюмени бир нечта блокларга бўлиш мумкин:

 

  1. Исм-фамилиянгиз, отангизнинг исми, мулоқот учун маълумотлар, яшайдиган шаҳрингиз (манзил шарт эмас);
  2. Сизни ҳар доим топиш мумкин бўлган телефон рақами;
  3. Электрон почтангиз, унинг қандай бўлиши юқорида кўрсатилган;
  4. Ишчи тармоқларга ҳаволаларни қўшиш мумкин (масалан, “Linkedin”);
  5. Фотосурат.

Шуни таъкидлаш керакки, чет элда фотосуратни резюмега илова қилишмайди. Агарда иш берувчи фотосуратли резюмени талаб қилган бўлса, у ҳолда жиддий стилдаги фотосуратингизни файлга қўшиб юборинг, селфи ёки бирор меҳмондорчиликда тушган фотосуратингизни юбора кўрманг. Агарда  жиддий фотосуратингиз йўқ бўлса, у ҳолда резюмени умуман суратсиз юборганингиз маъқул. Бу жуда ҳам муҳим, чунки ҳақиқатдан ҳам профессионал ишчини излаётган иш берувчи ташқи қиёфангизга эътибор бермайди ва бу унинг танловига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Агар фотосурат жўнатишга қарор қилган бўлсангиз, у ҳолда иш берувчининг почтасини ортиқча юклама билан қийнамаслик учун маъқул келадиган ўлчамларда, кўпи билан 300 кб ҳажмдаги суратни юборинг.

Биринчи блокдан кейин кўриб чиқилаётган иш ўрнини танлашингиздан мақсадни кўрсатишингиз керак. Баъзида шундай ҳам бўлиши мумкинки, сиз ОЎЮ битирувчисисиз ва иш тажрибангиз йўқ. Бу ерда мақсадингизни билиш жуда ҳам ўринли бўлади. Бу мақсадни, масалан, шу тарзда баён қилиш мумкин: “Маълумотим ва касбий тажрибамга мос келадиган ва  компаниянгизнинг янада муваффақиятли ривожланиши ҳамда фаровонлигига фойда келтириши мумкин бўлган қизиқарли, шу билан бирга, истиқболли иш топишни хоҳлардим”.

  • Иш тажрибаси (агарда бўлса)

Компания номи (бу унга тўғридан-тўғри алоқангиз бўлган БРЕНД), унинг ихтисоси (компания қандай фаолият билан шуғулланиши, web сайтни кўрсатиш мумкин), иш муддати, лавозим номи, вазифалар ва ютуқлар (сонлар ва фактлар) — буларнинг барчасини тескари хронологик тартибда, қисқа, фақат иш бўйича ёзинг. Ўзингизнинг бутун лавозим йўриқномангизни кўчириб ёзишингиз шарт эмас.

  • Маълумот

Университет, факультет, мутахассисликнинг тўлиқ номи, университет ҳаётидаги иштирокингиз, амалиёт, тренинг, семинар, курслардан ўтганингиз ҳақидаги маълумотларни киритинг. Ишингизга алоқаси бўлмаган курсларни ёзиш керак эмас. Агарда жуда кўп курсларда ўқиган бўлсангиз, у ҳолда мутахассислигингиз учун энг қимматли ва муҳимларини кўрсатинг.

  • Компьютерни билиш даражангиз ва биладиган хорижий тилларингиз.
  • Қўшимча маълумот.

Ҳайдовчилик гувоҳномангиз мавжудлиги, хоббиларингиз, сиз қизиқадиган спорт тури, шахсий хислатларингиз ҳақида ёзинг. Кўп ҳолларда номзодлар ушбу бандни бошқа резюмелардан кўчиришади. Агарда  вакант лавозим учун номзоднинг мулоқотга киришимли бўлиши кўзда тутилса ва сиз ҳақиқатдан  шундай бўлсангиз, буни албатта кўрсатиб ўтинг. Лекин табиатан интроверт(бор қувватингизни ташқи олам билан мулоқотга эмас, ўз ички оламингизга бағишловчи инсон) бўлсангиз ва сизга фақатгина компьютер билан ишлаш қулай бўлса, буни яширишнинг ҳожати йўқ, суҳбат давомида бу барибир аниқланади.

Резюмеда нимани ёзиш мумкин эмас?

  • Миллат;
  • Диний эътиқод;
  • Ўта ақлли сўзлар.

Ва яна бир нечта бандлар:

  1. Саводхонлик муҳим. Бехато ёзинг! Резюмени инглиз тилида тузаётган бўлсангиз-у, тилни етарли даражада билмасангиз, у ҳолда текшириб чиқиш учун танишларингизга мурожаат қилинг.
  2. Ҳақиқатни ёзинг! Билмаган нарсангизни “биламан” деб ёзишингиз керак эмас. Масалан, “PHOTOSHOP”ни биламан, деб ёзсангиз, у ҳолда сиз камида ушбу дастурда ишлай олишингиз керак.

Ўзингизда мавжуд бўлмаган ютуқларни ёзманг. Ёдингизда тутинг, сизни ҳар доим текшириб кўришлари мумкин, меҳнат бозоридаги обрўни эса сақлаб қолиш лозим. Иш берувчиларнинг барчаси бир-бирлари билан мулоқотда бўлиб турадилар ва агар ёлғон билан тутилсангиз, ишонинг, бу ҳақда бошқалар ҳам хабар топишади.

  1. Стандарт резюме А4 форматда, кўпи билан 2 бетдан иборат бўлади. У иш тажрибангиз ҳақидаги маълумотларни ҳам ўз ичига олади.
  2. Ҳужжат аниқ тузилмали ва ягона услубда бўлсин. Ягона формат ва шрифт иложи борича “Arial” ёки “Times New Roman” бўлиши лозим. Агар бирор маълумотни ажратиб кўрсатмоқчи бўлсангиз, сўз тагига чизиш ёки қорайтириш функциясини танланг, шрифт ёки рангларни ўзгартирманг, ҳеч қандай чиройли ҳошиялар қўйманг. Кейинги пайтларда инфографикадаги резюмелар модага айланди, иш берувчилар бундай резюмеларни хуш кўришади, лекин буни ҳаддан ошириб юборманг. Иложи борича резюмени pdf форматда ва 500 кб дан ошмаган ҳажмда сақланг. Ўз резюмеингизни албатта қуйидагича номланг: CV_ФАМИЛИЯ ИСМ_Соҳа ёки ихтисослик.

Муҳтарама аёллар, сизга ўз орзуингиздаги ишни топишингизни тилаймиз!