fbpx
shop-cart

ШОКОЛАД ТАРИХИ

Замонавий дунёда жуда машҳур ва кўпчилик томонидан севиб истеъмол қилинадиган ширинлик — шоколад жуда узун ва қизиқарли тарихга эга. Бугун биз шоколаднинг оқ, сутли, аччиқ каби жуда кўп турларидан баҳраманд бўлишимиз мумкин. Аммо у биз бугунги кунда билган кўринишга келгунича узоқ тарихий йўлни босиб ўтган.

Биринчи навбатда шуни билиш зарурки, шоколадни тайёрлаш учун керак бўлган асосий таркибий қисм, бу — какао ловияси. Улардан какао кукуни ва какао мойи тайёрланади, бу иккала маҳсулот ҳам шоколад тайёрлаш учун зарур ҳисобланади. Какао ловиялари XVI асрдан европаликлар томонидан шундай ном билан атала бошланган  шоколад дарахтида ўсади. “Какао” деган номни эса Карл Линней ўйлаб топган, у майя ҳиндуларининг тилидаги “какахуатл” сўзининг жаранглашини ўзгартирган, ҳиндулар шоколад дарахтини ана шундай аташган.

Шоколад дарахти тропик иқлимда ўсади, унинг бўйи унчалик баланд эмас, барглари катта ва ялтироқ бўлади. Дарахт йил давомида ҳосил беради. Шоколад дарахтининг меваси ташқи кўриниши бўйича — узунлиги 30 см ва эни 12 см бўлган катта қўзоқдан иборат. Бундай қўзоқнинг зич пўстлоғи ичида 25-50 дона какао ловиялари жойлашган. Териб олинган қўзоқлар қуритилади, шундан кейин уларнинг ичидаги ловиялар майдаланиб, какао-масса олинади. Ушбу масса — бўлажак шоколадларнинг асосига, заруратга кўра, шакар, хушбўй ҳид берувчилар, қуруқ сут, ёнғоқ қўшилади. Какао-массадан яна иккита маҳсулот — какао мойи (оқ рангли, у оқ шоколаднинг асосий таркибий қисми ҳисобланади) ва кўпинча пишириқларга шоколад мазасини бериш учун ишлатиладиган какао кукуни олинади.

Яхши кайфиятни ушлаб туриш учун кўпчилик ширинликхўрларга шоколад жуда ҳам зарур. Ҳақиқатдан ҳам, у кўзни қувнатадиган, мазали, ширин ва, сўзсиз, байрамона. Яна ундан қанчадан-қанча десертлар тайёрлаш мумкин!

Кутилаётган натижага қараб, десертларни тайёрлашда худди эритилган шоколад каби какао кукунини ҳам ишлатиш мумкин. Одатда шоколаднинг таркиби шакар, хушбўй мой ёки қуруқ сутдан иборат ва шунинг учун какао кукунига қараганда у сўзсиз хамирга янада кўпроқ маза беради.

 

Шоколад фойдалими?

Яхши янгилик: шоколад соғлиқ учун фойдали!

Таркибида камида 70 фоиз какао ловиялари бўлган аччиқ шоколад, бу — нафақат ўзингизни хурсанд қилишингиз мумкин бўлган ажойиб ширинлик, у яна фойдали маҳсулот ҳамдир. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, аччиқ шоколад (мўътадил миқдорларда) юрак қон-томир тизими учун фойдали, қондаги холестерин миқдорини камайтиради ва ҳаттоки қон босимини ҳам пасайтиради. Ўзининг ёқимли мазаси билан шоколад кишига роҳат бахш этиб ва куч бера туриб,  эндорфинлар — яхши кайфият гормонларининг ишлаб чиқарилишини кучайтиради.

Ким ҳеч бўлмаса бир марта шоколадли Брауни тортини татиб кўрган бўлса, бу одам ҳеч қачон ушбу ажойиб таъм, шоколаднинг хушбўй ҳиди, тортнинг майин таркибий тузилишини унута олмаса керак. Ҳа, бундай ширинликни рад этиш мумкин эмас; ушбу десертни  еган сари яна ва яна истеъмол қилгинг келади. Торт осон ва тез тайёрланади. Браунининг асосий сири — тортни духовкада кўп ушлаб юбормаслик, чунки ичидаги шоколадли масаллиқ озгина намроқлигича қолиши керак.

Маскарпоне солинган мармар брауни

Масаллиқлар:

Шоколадли асос қатлам учун:

  • сариёғ — 150 г;
  • қора шоколад 70 фоизли — 250 г;
  • шакар —¾   стакан;
  • буғдой уни—½ стакан;
  • хамир юмшатгич—½ чой қошиқ;
  • тухум —3 дона.

 

Пишлоқли қатлам учун:

  • шакар —0,3 стакан;
  • қаймоқли пишлоқ—250 г;
  • тухум —1 дона;
  • ёғлилиги 9 фоизли қаймоқ —0,5 стакан.

Сариёғ ва шоколадни сувли ҳаммомда аралаштириб эритинг. Аммо ёғли-шоколадли аралашма қайнаб кетишига умуман йўл қўйманг. Ёғ ва шоколад бир-бирига аралашиб кетиши билан аралашмани оловдан олинг ва совитинг.

Алоҳида идишда тухумларни шакар билан бирга 3 дақиқа давомида, аралашма оппоқ кўпик ҳолига келгунича кўпиртиринг. Тухумли аралашмага совитилган ёғ ва шоколад аралашмасини қўшинг. Ҳаммасини бир хилдаги масса ҳосил бўлгунига қадар аралаштиринг.

Аралашмага хамир юмшатгич билан унни эланг ва уни силикон куракча ёрдамида, аралашма қатламларида оқ чизиқлар кўринмай қолгунича аралаштиринг.

Кейин юмшоқ қаймоқли пишлоқни шакар ва тухум билан миксер ёрдамида ўрта-юқори тезликда кўпиртириб, бир хилдаги аралашмани тайёрланг. Пишириқлар учун ёғланган махсус тўртбурчак қолипга тайёрланган шоколадли хамирни солинг, унинг устига эса шпатель ёрдамида “мармар доғлар” кўринишида пишлоқли аралашмани тақсимлаб чиқинг. Духовкани 180 даражагача қиздиринг. Брауни 30 дақиқа давомида пиширилади. Пишириқни ҳар доим меъёридан ўтказиб юборгандан кўра озгина чалароқ пиширган яхши. Чунки агар меъёридан ўтиб кетса, биз ажойиб шоколад ҳидини ва браунини айнан шуниси билан машҳур қилган озгина намроқ ички консистенциясини йўқотиб қўямиз.

Брауни сиз қолипни духовкадан чиқариб олганингиздан кейин ҳам тайёрланишда давом этади, шу сабаб, уни чеккалари озгина пишган, лекин ўртаси ҳали бир оз қимирлаб турган вақтда уни тайёрлашни тўхтатган яхши.

Аччик шоколадли Эстония крендели

 

Крендел (крингел) — Эстониянинг анъанавий байрамона пишириғи. Агар у уйда пиширилса, унда, албатта, эстониялик муаллиф Ида Савининг рецепти бўйича, “Булочкалар, пироглар, пирожнийлар”  китобидан тайёрлаш керак. Болалигимда Ида Савининг китоби онам иккимизнинг қандолатчилик бўйича севимли китобимиз эди.

Кренделлар ичига масаллиқ солинган ёки солинмаган бўлади, лекин барча тиллардаги қандолатчилик китобларида деярли биргина долчинли крендел рецептини топиш мумкин. Мен эса уни янада байрамона қилиб, унга аччиқроқ шоколадли таъм беришга қарор қилдим.

 

Масаллиқлар:

Хамири учун:

  • сут — 2 стакан;
  • 3-4татухум сариғи (ёки 1та тухум ва 2та тухум сариғи);
  • шакар —  150-200 г;
  • сариёғ — 200-250 г;
  • ун — 1 кг;
  • қирғичдан чиқарилган 1та ёки яримта лимон пўстлоғи;
  • янгихамиртуруш — 50-60 г;
  • майдаланган кардамон — 1 чой қошиқ;
  • туз — 1 чой қошиқ;
  • майдаланган цукатлар — 2 ош қошиқ;
  • майиз — 150-200 г;
  • Устига суртиш учун тухум ёки тухумнинг сариғи.

 

Ичига солинадиган масаллиқ учун:

  • аччиқ шоколад — 200 г;
  • ёғлилиги 33 фоизлиқаймоқ —100 г;
  • долчин, занжабил—10 граммдан.

Хамирни текис қилиб ёйиб, устига долчин ва занжабилли эритилган шоколад билан қаймоқни суртинг, сўнг рулет қилиб ўранг. Рулетни ўртасидан кўндалангига кесинг ва ўриб чиқинг; ўриб чиқилган рулетни чамбар қилиб бирлаштиринг. 170°С ҳароратда, 50 дақиқа давомида пиширинг.

 

Шоколад солинган апельсинли кекс

Бизнинг оиламизда бирор Янги йил бу кекссиз ўтмайди. Бу йил биз кексни бутун оиламиз билан тайёрладик ва бу жуда ҳам ёқимли ҳамда кутилмаган ҳодиса бўлди. Апельсиннинг хушбўй ҳиди ва ёрқин ранглари барчани ошхонага чорлади ва ҳамма — кичкиналардан тортиб катталаргача, унинг яратилишига ўз ҳиссаларини қўшдилар: кимдир ёғ ва шакарни ўлчаган, кимдир ун элаган, кимдир эса фақат мазасини таътиб кўрган… Менинг фикримча, ушбу кекс тасаввур қилишимиз бўйича оддийлигига қарамасдан, бу ширин совғанинг ёки, аксинча, байрам дастурхонидаги ноз-неъматнинг ажойиб варианти.

Масаллиқлар:

  • тухум —2 дона;
  • янги сиқиб чиқарилган апельсин шарбати —75 мл;
  • шакар —120 г;
  • қаймоқли шакар (хона ҳароратидаги) — 100 г;
  • ун —180 г;
  • хамир юмшатгич —1,5 чой қошиқ;
  • апельсин цедраси (қирғичдан чиқарилган пўстлоғи) —1,5 ош қошиқ;
  • қора шоколад —80 г.

 

Глазур учун:

  • шоколад — 100 г;
  • ёғлилиги 30 фоизли қаймоқ —5 ош қошиқ;
  • сариёғ— 700 г.

Тайёрлаш учун:

Шоколад плиткасини майдалаб, тоза, қуруқ товоқчага солинг; сув ҳаммомига қўйинг ва сариёғни қўшинг. Масаллиқларни бир хилдаги аралашма ҳосил бўлгунича аралаштиринг. Қаймоқни кўпиртиринг. Қаймоқни секин-аста шоколадли масса билан аралаштиринг.

 

Тайёрлаш:

Юмшатилган сариёғни шакар билан кўпчиган оқ рангдаги масса ҳосил бўлгунича кўпиртиринг. Ёғли аралашмага тухумларни битта-биттадан, ҳар сафар яхшилаб кўпиртирган ҳолда қўшинг. Апельсин шарбатини қўшинг ва аралаштиринг.

Хамир юмшатгич билан бирга эланган унни солинг ва бир хилдаги қумоқларсиз масса ҳосил бўлгунича аралаштиринг.

Шоколадни бўлакларга бўлинг. Хамирга қирғичдан чиқарилган апельсин пўсти ва шоколадни қўшиб аралаштиринг.

Хамирни ёғланган ёки қоғоз тўшалган махсус пишириқ қолипига солинг.

Олдиндан 180 даражагача қиздирилган духовкада 35-45 дақиқа давомида тайёр бўлгунига қадар пиширинг. Тайёрлигини ёғоч чўп ёрдамида текширинг, у кекснинг ўртасидан қуруқ чиқиши керак. Совитинг ва устидан шоколадли глазур қуйинг.

Энди эса пиёлаларга иссиқ қаҳва ёки чойни қуйиш ва оила аъзоларингизни дастурхонга таклиф қилиш қолди.

Люся ЕЛИЗАРОВА.