СОЧИДА ҚИШКИ ҲОРДИҚ

Қиш — дам олиш учун ажойиб вақт. Россиянинг кўплаб шаҳарларида бу фаслда совуқ бўлса ҳам, Сочида ҳаво илиқ бўлади, бу ерда сиз бемалол қишки изғиринлардан “яширинишингиз” мумкин. Кўпчилик Сочи деганда фақат денгиз ва қуёшни тушунади. Сайёҳларни жалб қиладиган асосий сабаб ҳам мана шу. Бироқ Сочи шаҳрида кўришга арзийдиган жуда кўплаб ажойиб жойлар борлигини ҳамма ҳам билавермайди.
Қиш фасли Сочига сафар уюштириш учун энг қулай вақт. Бу ҳордиқ ёзда дам олишдан асло қолишмайди. Муҳим афзаллиги шундаки, қишда бу ердаги нархлар ёздагига нисбатан анча арзонроқ бўлади!
Красная Поляна — тоғ-чанғи курортлари ичида энг яхшиси. Қишда бу ерда сайёҳлар сони сезиларли даражада камаяди. Шу сабабдан меҳмонхоналарда яшаш нархи пасайтирилади, ресторанларда овқатланиш арзонлашади, қишда ҳаттоки Сочидаги экскурсиялар нархи ҳам тушади. Бироқ истисно ҳолат ҳам мавжуд: Янги йил байрамларида нархлар ўсиши кузатилади, чунки кириб келаётган йилни жанубда кутиб олишни ва нишонлашни истайдиган сайёҳлар жуда кўп топилади. Шундай бўлса-да, Янги йилда Сочидаги ҳордиқ нархи ёзга нисбатан барибир арзонроққа тушади.

 ОБ-ҲАВО

Сочи нам субтропик иқлим зонасида жойлашган, шунинг учун ҳатто қишда ҳам бу ерда ям-яшил пальма дарахтлари, эвкалипт ва магнолия ўсимликларини учратиш мумкин. Бу ерда қиш мавсуми кеч кузга ўхшайди. Биринчи икки ой ичида об-ҳаво анча ёмғирли бўлади, деярли қор ёғмайди. Ёғса ҳам, тезда эриб кетади. Тоғда эса мутлақо бошқача иқлим, қор жуда кўп ва эримайди, бу чанғи учиш мавсуми айни қизийдиган пайт! Красная Поляна ва унинг атрофида жойлашган Роза Хутор курортидаги Мзимта кўли соҳилини пиёда кезиш, қўриқхона мажмуаси, Чвижепсе минерал сувлар манбаини томоша қилиш, фуникулёрда (рельсда юрадиган транспорт воситаси) сайр қилиш сизга маъқул келиши аниқ.

Красная Полянада 4та тоғ-чанғи курорти бор – Роза Хутор, Альпика-Сервис, Горки Город ва “Газпром”. Ҳар бир курортда ўзининг канат йўли бор. Ҳар бир комплекс учун алоҳида чипта сотиб олиш зарур, курортлар бир-бирига яқин жойда жойлашгани ҳам эътиборга молик.

 РОЗА ХУТОР

         Бугунги кунда Роза Хутор энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган ёзги дам олиш объекти. Сочидаги энг баланд томоша майдончаси – Тош Устун тоғи (2509 м), ушбу тоғ ҳудудида жойлашган турли кўнгилочар масканлар бу ерга бутун дунёдан сайёҳлар оқимини таъминлайди. Роза Хуторга бориш учун “Ласточка” (“Қалдирғоч”) тезюрар поездида сўнгги бекатгача етиб олиш керак, у ердан сизни курортга тегишли автобус бепул олиб кетади. Ёки пиёда Мзимта кўли ёқалаб атроф манзараларини томоша қилиб, курортга етиб олишингиз мумкин (пиёда юрганда 20 дақиқалик йўл). Агар курортга шахсий машинангизда бормоқчи бўлсангиз, уловингизни пуллик тўхташ жойида қолдирганингиз маъқул. Акс ҳолда,  кейин эвакуация учун 7000 рубль миқдорида жарима тўлашингизга тўғри келади. 

 850 рублга Роза Долинадан Роза Платогача 1170 метр баландликка кўтарилишингиз мумкин. У ерда Олимпия қишлоғи ва томоша майдончаси, “Берлога” ресторани ва “Riderʼs Loudge” кинозали  жойлашган. 1300 рубль эвазига эса Сиз Красная Полянадаги энг баланд томоша майдончаси – Роза Пикка (денгиз сатҳидан 2320 метр баландликда) кўтарилишингиз мумкин. Ушбу нарх ичига Красная Полянада канат йўллари чиқа оладиган энг баланд нуқта – Крокус нуқтасига (2460 метр)

чиқиш ҳам киритилган. Сиз Тош Устун тоғининг энг баланд нуқтасида пайдо бўласиз!

Агар Роза Хутор курортидаги барча канат йўлларида кун давомида чекловларсиз учмоқчи бўлсангиз, у ҳолда 1790 рублга махсус чипта харид қилишингизга тўғри келади. Бундан ташқари, Роза Хутор курортида турли қаҳвахоналар, дўконлар ва Макдональдс каби овқатланиш тармоқлари мавжуд.

ГОРКИ ГОРОД

         Горки Город (собиқ Горная Карусель – Тоғ карусели ) сайёҳлар учун қизиқ бўлган яна бир экскурсия объекти. Бу ерда турли баландликдаги бешта жуда  ажойиб томоша майдончаси ва шинам ресторан бор. Горки Городда машинани парковка қилишнинг дастлабки бир соати бепул, кейин соатига 100 рубль, кунига эса 500 рубль тўланади. Агар “Ласточка” тезюрар поездида борадиган бўлсангиз, охиргидан битта олдинги “Эсто-Садок” бекатида тушиб, у ёғига курортнинг бепул автобусида  боришингиз мумкин. 

Гондолали канат йўлида 2200 метр баландликка кўтарилиш имконияти бор. Ўриндиқли канат йўли эса сизни ўзига хос иқлимга эга Цирк-2 зонасигача олиб боради. Бу ерда атрофи тоғлар билан ўралган манзарадан баҳра олишингиз мумкин.

  Қолаверса, 2017 йилнинг 22 майидан бошлаб шарқий сектор канат йўли ишга тушди. Бу йўл сайёҳларни Европадаги энг баланд (тахминан 70 метр) шаршаралардан бири Поликаряга олиб боради.

 “ГАЗПРОМ”

         “Газпром” тоғ-туристик маркази ўзининг манзарали кўринишлари ва қалин ўрмонлари билан машҳур. Псехако платосидан Уруштен, Дзитаку, Псеашхо ва бошқа кўплаб машҳур тепаликлар кўриниб туради.

“Газпром” курортида 3 хил турдаги канат йўли бор: 8 кишилик кичик гондолали, ўриндиқли ҳамда катта кабинкага эга 30 кишилик гондолали канат йўллари. Қулай жойи — экскурсияни “Роза Хутор” темир йўл бекатидан бошласа бўлади. Максимал баландлик катта эмас, у денгиз сатҳидан 1660 метр баландликда жойлашган. Юқорида тилга олиб ўтилганидек, Псехако платосидан ажойиб манзаралар очилади. Бу ерда бир нечта томоша майдончалари, велосипедлар ижараси, картинг каби  кўнгилочар масканлар мавжуд. Сиз 800 рублга “Лаура Экспресс” экскурсия турини харид қилиб, 1435 метр баландликка кўтарилишингиз, у ерда ўриндиқли канат йўлида сайр қилишингиз мумкин. Псехакодаги томоша майдончасидан эса Красная Полянанинг ажиб манзаралари Аибга тоғ тизмалари, Чугуш тоғ чўққилари ҳамда тарихий Ипак йўли ўтган жойлар намоён бўлади. 1000 рубль турадиган “Лаура тепалиги” экскурсия тури ичида Псехако тизмасида жойлашган “Лаура” чанғи-биатлон комплексига сайёҳат ҳам бўлиб, курорт меҳмонлари бу тур давомида XXII Олимпиада ўйинлари ўтказилган ажойиб спорт объекти билан яқиндан танишишлари, шунингдек, бу ердаги канат йўлида сайр қилишлари мумкин.

Агар 1400 рубль эвазига “Красная Поляна панорамаси” экскурсия турини харид қилсангиз, “Газпром”даги барча канат йўлларида: 8 ўринли гондолали, ўриндиқли, олимпиада учун махсус қурилган 20 ўриндиқли суперзамонавий гондолали канат йўлларида учишингиз мумкин.

  АЛЬПИКА-СЕРВИС

         “Альпика-Сервис” тоғ-чанғи комплексида икки хил турни харид қилиш мумкин: 1100 рубль турадиган “Альпика” канат йўлининг энг пастки станциясидан бошланувчи “Альпика тепалиги” тури ва 1500 рублга “Икки тепалик” тури. “Икки тепалик” тури “Газпром” ва “Альпика” канат йўлларидан бир марта ўтишни ўз ичига олади.  “Олимпиада-2014”дан кейин Сочи фақат курорт шаҳар сифатида тилга олинмайдиган бўлди. Бу ерга йил ўн икки ой давомида сайёҳлар денгиз, Олимпиада боғи, тоғларни томоша қилиш, океанариум, аттракционлар, аквапарклар каби оилавий кўнгилочар масканларда ҳордиқ чиқариш учун ташриф буюришмоқда. 

 Скайпар – Россиядаги баландликда жойлашган ҳозирча биринчи ва ягона парк. Бундай парклар Австралия, Сингапур, Хитой, Франция, Германия каби давлатларда бор. Бу паркни барпо қилиш ғояси муаллифи ва ташаббускори Эй Жей Хаккет ҳисобланади. Мазкур мажмуа Адлер вокзалидан Красная Поляна йўналиши бўйлаб 17 км узоқликда жойлашган.

Скайбриж кўприги – Мзимта кўли узра барпо этилган пиёдалар учун мўлжалланган сайёрамиздаги энг узун кўприк (439 метр). У ердан 207 метр баландликдан Кавказ тоғлари ва Қора денгиз соҳилларини томоша қилиш мумкин. Скайбриж жуда ҳам мустаҳкам ва ишончли тарзда қурилган бўлиб, энг юқори хавфсизлик талабларига жавоб беради. Лойиҳага кўра бу кўприк зилзилалар, кучли шамол ва музга айланадиган ёмғирларга бардошли ҳисобланади.

 Скайпар аттракционлари:

BUNGY (69 м) – банжи-жампингнинг (резина арқон ёрдамида баландликдан сакраш) енгил тури.

BUNGY (207 м) – 7 сония давом этадиган унутилмас парвоз.

 MegaTroll – соатига 120 км тезликка эга дунёдаги энг тезкор троллей. Бунда сиз 200 метр баландликда троссга уланган махсус ўриндиқда сайр қилишингиз мумкин.

SochiSwing – 170 метр баландликка кўтариладиган гигант арғимчоқлар. Бунда бир ўзингиз ёки шеригингиз билан биргаликда унутилмас ҳиссиётларга берилишингиз мумкин. Арғимчоқнинг тебраниш масофаси 500 метрни ташкил қилади.

ZipLine – металл канат йўлидан орқага – паркка кириш жойига тушиш. Парвоз узунлиги 700 метрни ташкил қилади. Тезлик – 70 км/соат.

СОЧИ ПАРК

Сочи парк – Сочи шаҳридаги Имеретинская водийсида жойлашган энг машҳур маданият ва истироҳат боғларидан бири. У ўзининг ажойиб саёҳатлари ва турли хил дам олиш жойлари билан машҳур. Ҳар йили бу ерга кўплаб сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли ташриф буюради. Сочи паркнинг асосий хусусияти унинг услуби: диққатга сазовор жойлар ва кўнгилочар жойлар рус халқ эртаклари кўринишида безатилган.
2011 йилда Адлердаги Сочи парк лойиҳаси учун танлов эълон қилинди ва тез орада танловда ғолиб чиққан лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланди. Эртакнамо декорациялар ва атрракционлар устида таниқли экспертлар, меъморлар ва машҳур компаниялар иш олиб борди.

2014 йилда Сочи паркнинг норасмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Биринчи меҳмонлар Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчилар ва мусобақа томошабинлари бўлди. Ушбу даврда томошабоғга 140 мингга яқин киши ташриф буюрди. Расмий очилиш маросими ўша йилнинг 28 июнида бўлиб ўтди. Очилиш маросимида машҳур Дю Солей цирки иштирок этгани ҳам эътиборга молик.

Маданият ва истироҳат боғининг асосий фахри бўлган турли хилдаги аттракционлардан ташқари, бу ерда бошқа кўплаб кўнгилочар масканлар ва дам олиш жойлари мавжуд. Сочи паркнинг энг машҳур жойи катта сув аренаси ва томошабинлар учун махсус жойларга эга Дельфинарий ҳисобланади. Бу ерда дельфинлар яхши парвариш қилинади, шу сабабли ҳам улар мухлислар учун турли трюкларни бажону дил бажариб беришади.  Дельфинарийдаги томошалар 40 дақиқадан иборат бўлиб, кунига 2-4 марта ўтказилади.

Совариум – 20 хилга яқин ноёб қушларга эга мини зоопарк. Бу ерда ҳар бир қуш учун алоҳида уй барпо қилинган. Совариумда махсус майдончалар мавжуд бўлиб, бу ерда қушлар билан яқиндан танишиш ва уларни овқатлантириш мумкин. Бундан ташқари, парк ичида машҳур “Богатырь” меҳмонхонаси жойлашган бўлиб, бу ташриф буюрувчиларга янада қулайлик тақдим қилади. Шунингдек, бу ерда турли менюларга эга ресторан ва қаҳвахоналар ҳам мавжуд.

“Sochi Discovery World Aquarium” океанариуми – 2009 йил 26 декабрь куни Адлер шаҳрининг микрорайонида очилган Россиядаги энг катта океанариумлардан бири. Олти минг квадрат километр майдонга эга икки қаватли океанариум биносида 4 минг хилдаги балиқлар ва денгиз жониворлари мавжуд. Балиқлар ва бошқа сувда сузувчи жонзотлар 30та катта-кичик аквариумда жойлашган бўлиб, бу аквариумларда 5 миллион литр миқдорида сув мавжуд. Ҳар бир аквариум олдида маълумотлар тахтаси мавжуд. Унда балиқ ва жонворларнинг номи, тури ва ўзига хос жиҳатлари ёзиб қўйилган.

Мазкур ҳудудда 24 квадрат метр катталикдаги улкан ойнали аквариум бўлиб, ойна ортида қачонлардир ҳалокатга учраган кема қолдиқлари, хазиналар, ҳаттоки одам скелети ҳам бор. Бу ерда ўтказиладиган шоуларда сув парилари, Посейдон, Ихтиандр каби қаҳрамонларни кўриш, дайверлар томонидан акулаларга ёки Маша лақабли катта яшил тошбақага таом берилишини кузатиш мумкин. Бу тошбақанинг улкан ҳажмига қарамай, сувда енгил сузиб юришини томоша қилиш кўплаб мухлисларга чексиз завқ бағишлайди.

Океанариумда 44 метр узунликдаги туннел мавжуд бўлиб, унинг ойнаси 17 см қалинликка эга. Шу сабабли туннел орқали бемалол сайр қилиб, ёнингизда сузиб юрган акула, балиқлар ва бошқа денгиз жониворларини томоша қилиб, баҳра олишингиз мумкин.