Топ-6 Албатта томоша қилишингиз керак бўлган миллий фильмларимиз

Сир эмаски, кўп вақтимизни чет эл ва Россия кинофильмларини томоша қилиш билан ўтказамиз. Аммо ўзбек фильмлари орасида ҳам худди шундай шуҳратга сазовор фильмлар борлигини, улар ҳам аъло даражада суратга олинганини, сюжетлари эса жуда ҳаётий ҳамда ҳаққонийлигини унутиб қўямиз. Миллий киноасарларимиз эмоционаллиги, самимийлиги, эҳтиросларнинг кескинлиги ва миллий колорити билан томошабинни ўзига жалб қилади.

LQ сизни бефарқ қолдирмайдиган 6 та ўзбек фильми ҳақида қисқача  тафсилотни тақдим этади.

  1. Телба

“Телба” – камбағал йигит ва бой қизнинг муҳаббати ҳақидаги классик ҳикоя. Йигит оиласини боқиш учун кўчада овқат сотади. Қиз эса нуфузли университетда таълим олади, шахсий машинасида юради ва ҳашаматли уйда яшайди. Бир қарашда бу икки ёшнинг ўртасида умуман ҳеч нарса йўқдек туюлади, аммо тақдир улар учун совға тайёрлаб қўйган.

Улар кутилмаганда танишиб қолишади, ўша вақтда қиз бунга эътибор ҳам бермайди. Бош қаҳрамон эса қизни бир кўришда севиб қолади. У қизнинг муҳаббатини қозонишига ишончи комил. Аммо бунинг учун йигитни айблашади ва телба дейишади.

Аммо айтганларидек, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Бола қиз қалбини ўзининг самимийлиги, меҳрибонлиги ва беғуборлиги билан забт этади. Бир қарашда шу билан муаммолар ҳал бўлгандек ва ҳаммаси ўрнига тушгандек кўринади. Аммо қизнинг оиласи бу муҳаббатга мутлақо қарши, ахир улар фарзандига муносиб бошқа бир инсонни топиб қўйишган.

Аммо қизнинг отаси донишмандларча йўл тутади ва бир-бирига кўнгил қўйган икки ёшга оқ фотиҳа беради. Энди уларнинг бахтига ҳеч нарса тўсқинлик қилиши мумкин эмасдек туюлганида, йигит куёв бўлиш нияти пучга чиққан рақибининг қўлидан ўлади. Қизнинг ҳаёти энди қандай кечади?..

  1. Мажруҳ

Фильмнинг бош қаҳрамони Фарруҳ – банкда ишлайдиган, ишлари яхши кетаётган ёш йигит. Кунларнинг бирида уни банк кредитлари бўйича фирибгарликда айблашади. Оқибатда йигит қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Фарруҳнинг онаси ўғлини қамоқдан қутқариб қолиш учун бор мол-мулкини сотади. Ёш йигит аввалги ҳаётига қайтиб, оиласининг молиявий аҳволи жуда ёмонлиги, ота уйини эса умуман олиб қўйишмоқчи эканидан хабар топади. У қисқа муддат ичида онаси бошпанага эга бўлиши учун ҳам катта миқдорда пул топиши керак.

У банк бошқарувчисининг қизи бетоб эканлиги ва узоқ яшамаслигини билиб қолади. Йигит қизнинг сўнгги кунларини бахтли ва ёрқин қилишга ваъда бериб, ундан ўзига турмушга чиқишни сўрайди. Бечора қиз барибир ҳеч нарса йўқотмаслигини билиб, унинг таклифига рози бўлади. Шундай қилиб, икки бахтсиз юрак тақдирини ўзаро боғлашади, аммо улар ҳаётнинг мураккаб вазиятларида бир-бирларига ёрдам бера оладиларми ёки йўқми, ҳеч ким билмайди…

  1. Шабнам

Бобур – ўз ҳаётини фақат айш-ишратда ўтказадиган ва доим қизларнинг орасида жуда машҳурлигидан фойдаланадиган енгилтабиат, дайди йигит. Клубларга қиладиган ҳар кунги сафарлари ва маҳаллий қизлар билан дон олишиб юришига қарамасдан, у қалбан жуда ҳам ёлғиз.

Кунларнинг бирида у кўчада жуда гўзал қизни учратади ва уни бир кўришда севиб колади. Энди унинг хаёли куну тун фақат ўша Шабнам исмли гўзал нотаниш қизда.

Бош қаҳрамон қизга ўз ҳиссиётлари ҳақида айтишга қарор қилади ва  қиз ҳам унга худди шундай жавоб қайтаради. Йигит қизнинг уйига совчиларни юборади ва худди ҳаммаси рисоладагидек, гўё бундан ортиғи бўлмайдигандек  туюлади. Аммо ажойиб тинч ҳаётни Бобур ва Шабнамнинг муносабатларига тўғаноқ бўлувчи даҳшатли оилавий сир бузади. Қизнинг олдида мураккаб танлов бор – севгилиси ёки оила. У бошқа йўлни – ўз жонига қасд қилишни танлайди.

Бош қаҳрамонимиз  севгилисини бундай мудҳиш ҳаракатдан сақлаб қола олармикин? У  оилавий можароларни ҳал қилишни уддалайдими?

Фильмни томоша қилиш давомида бу саволларга жавоб топасиз.

  1. О, Марям, Марям

kinopoisk.ru

“О, Марям, Марьм” – ўз мақсадига етиш йўлидаги шижоатини тўхтатиб бўлмайдиган, ақл бовар қилмайдиган аёл тўғрисидаги фильм. Марям – жуда ҳам нозик ва қалби яраланган, ота меҳри ва эркалашларини кўрмаган қиз. Кичкиналигида у онасининг қанчалик қийналганига гувоҳ бўлган, аммо одамлар орасида буни ҳеч қачон сездирмаган. Марям онасидан энг яхши фазилатларни мерос қилиб олган ва йиллар ўтиб, у ажойиб ҳамда ақлли аёлга айланади.

Қаҳрамоннинг отаси – онасининг мутлақо тескариси, у ҳеч қачон ўз ваъдаларининг устидан чиқмаган. Аслида у ҳам қизига жуда яқин инсон бўлишни хоҳлаган, аммо сира бунинг уддасидан чиқа олмаган. У икки оиланинг ўртасида аросатда бўлиб, ўз фарзандларини янада кўпроқ азоблаган.

Онаси билан юз берган ва уни қайтариб бўлмайдиган мудҳиш воқеадан кейин Марям отасининг уйига кўчиб ўтишига тўғри келади. Бу ерда уни ҳеч ким яхши кўрмайди ва қабул қилмайди, лекин онасидан ўтган ажойиб фазилатлари туфайли қиз янги оиланинг барча ҳужумларига бардош беради.

Бир куни янги оила Марямдан қутулишга қарор қилади ва 16 яшар қизни бир бева кишига турмушга беришади. Фақат турмушга чиқибгина у ҳаётида биринчи марта ўзини керакли одамдек ҳис қилади, лекин бу ерда ҳам гўзал қизни қийинчиликлар кутади.

  1. Айрилиқ

Ўртаҳол ўзбек оиласи ўзининг ҳаёти билан яшайди. Ота – тиббиёт фанлари доктори, профессор. Қизи Малика – феъл-атвори оддий бўлмаган ақлли ва гўзал қиз. У отасининг йўлидан кетган ва тиббиёт соҳасида ўқийди.

Ота қизини жуда ҳам яхши кўради, уни доим эркалатади ва ҳеч бир илтимосини ерда қолдирмайди. Аммо уларнинг осойишта ҳаётини бахтсиз ҳодиса бузади – Малика ўзининг машинасида амалиёт бўйича куратори Жаҳонгирни уриб юборади. Ажабланарли жойи шундаки, қиз ёш йигитни севиб қолади ва унга руҳий касалликдан азият чекаётган онасини парвариш қилишда ёрдам беради.

Қизнинг онаси бу муносабатларга қарши ва қандай йўл билан бўлмасин, уларга халал беришга уринади. Аммо бу ҳаракатлар бежиз эмас, бунинг ўзига яраша сабаби бор. Бир пайтлар Жаҳонгирнинг онаси Маликанинг отаси билан яқин муносабатда бўлишган. Бу муносабатлар шу билан тугаганки, эркак қизини олиб кетганидан кейин аёл руҳий касалликка чалинган. Бундай ҳақиқатдан кейин бир-бирига муҳаббат қўйган икки ёшни нима кутмоқда?

  1. Согдиана

Бош қаҳрамон ролини миллий эстрадамизнинг машҳур қўшиқчиси Согдиана ижро этган бу фильм ҳам кўпчиликнинг қалбидан жой олган. Кинокартинада тақдири оддий бўлмаган ажойиб бир қизнинг ҳаёти тасвирланади.

Қачонлардир қизчани ота-онаси ташлаб кетган ва у болалар уйига тушиб қолган. Меҳрибонлик уйида у жуда кўп қийинчиликлар кўрган. Аммо кунларнинг бирида уни қамоқ жазосини ўтаб чиққан нотаниш киши фарзандликка асраб олади. Қизнинг ҳаёти аста-секин изга туша бошлайди, у раққоса бўлиб ишлайди ва етарли даражада танилади. Лекин кунларнинг бирида унинг отасини машина уриб кетади, шундан кейин ота деярли тўлиқ фалаж аҳволга тушади ва ногиронлар курсисига михланади. Энди қизнинг ҳаёти жаҳаннамга айланади.

Фильмнинг яна бир бош қаҳрамони Рустам – бой оилада вояга етган, муаммолар ва қийинчиликлар нималигини билмайдиган ёш йигит. Кундузи у бир компанияда юқори авозимда ишлайди, кечқурун эса вақтини чиройли қизлар билан ўтказишни, тунги клублар ва зиёфатларга боришни хуш кўради. Мана шундай кунларнинг бирида унинг йўлида Согдиана пайдо бўлади. Қиз йигитнинг юрагини ўзининг ажойиб рақси билан забт этади. Ёшларда жиддий муносабатлар бошланади. Аммо қизнинг ўгай отасига бу ёқмайди…

Шу билан тафсилотларимиз якунига етди. Умид қиламизки, танловимизга холис баҳо берасиз ва бу фильмларни томоша қилиш учун озгина вақт ажратасиз.

 

Асия АРСЛОНОВА.